Фурқатнинг хоки Хитойдан Қўқонга олиб келинди (видео)
Жамият
−
03 Октябрь
14892Ўзбек адабиётининг таниқли вакилларидан бири Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг хоки Хитойдан олиб келиниб, Қўқондаги қабристонга қўйилди. Бундан ташқари, Қўқон шаҳри марказида ўрнатилган Фурқат ҳайкалининг очилиш маросими ҳам ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 3 октябрь куни Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг хоки Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидаги Ёркент туманидан олиб келиниб, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги Шайхон қабристонига қўйилган.
“Энди юртимизда шоирнинг рамзий қабри бор”, дейилади Ёзувчилар уюшмаси хабарида.
Бундан ташқари, шу куннинг ўзида Қўқон шаҳри марказида ўрнатилган адибнинг ҳайкали очилиш маросими ҳам ўтказилди. Маросимда ёзувчи ва таржимон, Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғофуров ҳамда Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов сўзга чиқиб, Фурқатнинг ижоди ва бой маънавий мероси ҳақида тўхталди.
Маълумот учун, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат 1858 йилда Қўқон шаҳрида кичик савдогар-ҳунарманд оиласида дунёга келган. Оиланинг моддий аҳволи 17 ёшли Зокиржонни мадрасадаги ўқишни тўхтатиб ишлашга мажбур этган. У ишлаб ўз билимини ошириши билан бирга дарс ҳам беради ва ижод билан шуғулланади. У умрининг кўп қисмини саёҳат қилиш билан ўтказган. Хусусан, Фурқат 1891 йилнинг 14 майида Тошкентдан Самарқандга боради. 1892 йилнинг баҳорида эса Арабистонга ўтиб, Макка, Жидда шаҳарларида яшайди. Шоир шу йилнинг кузида Мумбай шаҳрига бориб, Ҳиндистоннинг бошқа шаҳар-қишлоқларига ҳам саёҳат қилади ва яна Мумбайга қайтади. Ундан 1893 йилнинг март ойида Кашмирга, сўнгра Қашқарга ўтиб аввал Хўтан шаҳрида яшади, кейин Ёркент шаҳрига кўчиб доимий яшай бошлайди ва 1909 йилда шу шаҳарда вафот этади. Бугунги кунда Хитой давлати ҳудудида жойлашган Ёркент шаҳрида шоирнинг мақбараси мавжуд.
LiveБарчаси