Фуқаролар картадан картага пул ўтказишда солиққа тортилиши ростми?
Жамият
−
13 Апрель 2023
12141Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ўртасида бир пластик картадан бошқасига пул ўтказиш жараёнида солиққа тортилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Бугун, 13 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ва Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев иштирокида банк соҳаси ва тўлов ташкилотлари вакиллари билан ўтган учрашувда мазкур хабарлар бўйича маълумот берилиб, хавотирланиш асоссиз эканлиги маълум қилинди.
Айтилишича, масъуллар банк вакиллари билан P2P ўтказмалари учун ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш масалаларини муҳокама қилган. Учрашувда бир жисмоний шахсдан иккинчисига пул маблағлари ўтказилганда солиқ муносабатлари юзага келмаслиги ва жисмоний шахсларда солиқ тўлаш мажбуриятлари пайдо бўлишидан хавотирланиш асоссиз эканлиги таъкидланган.
Учрашув ахборот алмашинувини тартибга солиш ва техник интеграцияни соддалаштириш мақсадида ташкил этилган. Электрон ҳужжатларни шакллантириш ва жўнатиш бўйича техник ечимлар ҳамда тўлов тизимларида ўзаро ҳамкорликнинг бошқа усуллари юзасидан тақдимот ўтказилган.
Қайд этиш жоиз, Солиқ кодексининг 378-моддасида бир жисмоний шахсдан бошқа жисмоний шахсга пул ўтказиш (P2P) операциялари солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 майдан жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъи назар, электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари белгиланган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь