Фуқаро ИИБ биносида қийноққа солиниши ортидан 1 киши ишдан олинди
3-саҳифа
−
04 Сентябрь 8655 2 дақиқа
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳрида профилактика инспектори томонидан фуқаро қийноққа солингани акс этган сурат ва хабарлар тарқалганди. Уларда 3 нафар ички ишлар ходими фуқарога дубинка ва электрошокер ишлатиб, қийнагани айтилганди. Ушбу ҳолат ортидан Чуст тумани ИИБ инспектори ишдан олинди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили ҳолатни ўрганиб, жабрланган фуқаро билан суҳбатлашган.

Шундан сўнг, ишга оид тўпланган маълумотлар асосида вилоят ИИБ ҳамда Наманган шаҳар прокуратурасига Омбудсманнинг назорат хати киритилган.
Омбудсманга тақдим этилган маълумотларга кўра, Чуст тумани ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати профилактика инспектори майор Д.Б. хизмат вазифасига эътиборсиз ва беписандлик билан ёндашиб, ўз хизмат ҳудудига ҳеч бир сабабсиз бормасдан, Ички ишлар органлари ходимларининг касбий ва хизмат интизоми кодекси талабларини қўпол равишда бузгани учун лавозимидан бўшатилган. Шу билан бирга, мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
“Тергов ҳаракатлари якунлари бўйича жамоатчиликка қўшимча ахборот тақдим этилади”, дейилган хабарда.
Маълумот учун, ушбу хабар Наманган вилояти ИИБнинг масъул ходимлари томонидан ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 14 август куни Наманган шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро Ў.А. ўзаро оилавий низо сабабли ички ишлар бўлимига олиб борилгани аниқланган. У билан профилактик суҳбат олиб борилиб, шу куни уйига рухсат берилган. Орадан икки кун ўтиб, 16 август фуқаро Ў.А. соғлиги ёмонлашгани сабабли тиббиёт муассасасига мурожаат қилгани аниқланган.
Live
Барчаси