Френки де Йонг жиддий жароҳат сабаб узоқ муддатга сафдан чиқди

Спорт

image

Нидерландия терма жамоаси ва “Барселона” ярим ҳимоячиси Френки де Йонг ўнг тиззасининг медиал коллатерал боғламини узиб олди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

“Жаҳон чемпионати вақтида тиззамдан жароҳат олдим. Дастлабки текширувлардан сўнг шифокорлар бу енгил жароҳат эканини ва ўйнашда давом этсам, аҳволим ёмонлашмаслигини айтди. Таътил пайтида қўшимча текширувлардан ўтиш учун Барселонага қайтдим. Текширувлар жароҳат дастлаб ўйланганидан жиддийроқ эканини кўрсатди. Яхшиямки, ҳозирги босқичда жарроҳлик амалиёти талаб этилмайди. Энди бор эътиборимни тўлиқ тикланишга ва имкон қадар тезроқ майдонга қайтишга қаратаман”, деб ёзди де Йонг Instagram’даги саҳифасида.

“Барселона” футболчини тиббий гуруҳ назорати остида консерватив усулда даволанаётганини маълум қилди. Клуб келгуси ҳафталар давомида унинг тикланиш жараёнини кузатиб боради.

Де Йонг жароҳатни 2026 йилги жаҳон чемпионатида Нидерландия терма жамоаси сафида иштирок этаётган вақтда олган.

AS нашрининг маълумотига кўра, унинг тикланиши 5–6 ой давом этиши мумкин. Шу боис футболчи 2027 йилнинг январь ойига қадар майдонга қайтмаслиги кутилмоқда.

Ярим ҳимоячи турнирда Нидерландия терма жамоасининг 4 та учрашувининг барчасида майдонга тушди. Жамоа 1/16 финалга чиқиб, Марокашга қарши баҳсда мағлуб бўлди. Учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди, пенальтилар сериясида эса Марокаш 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Маълумот учун, Френки де Йонг 2019 йилдан буён “Барселона” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У Каталония клуби билан уч марта Испания чемпиони, икки марта мамлакат кубоги ва уч марта Испания Суперкубоги соҳиби бўлган. Футболчи Нидерландия терма жамоаси сафида 70 та учрашувда майдонга тушиб, иккита гол урган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг