Франциянинг янги элчиси ишонч ёрлиқлари нусхасини ТИВга топширди

Жамият

image

Франциянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Уалид Фук бугун, 4 сентябрь куни Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда вазир ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.

“Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги мустаҳкам тарихий замин ва бой анъаналарга эга муносабатлар сўнгги йилларда юқори суръатлар билан ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бугунги кунда ҳамкорлик иқтисодиётдан тортиб маданиятгача бўлган барча соҳаларни қамраб олмоқда. Шу билан бирга, мавжуд салоҳият янада кенг бўлиб, уни тўлиқ рўёбга чиқариш учун дипломатларимизнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этади.

Жаноб Элчига мамлакатимиздаги фаолиятида юксак муваффақиятлар ва самарали меҳнат тилаймиз”, деб ёзди вазир.

Маълумот учун, янги элчи Уалид Фук тажрибали дипломат бўлиб, иккинчи даражали давлат хизматчиси ҳисобланади. У Париждаги Сиёсат институтида Жамоатчилик билан алоқалар бўйича илмий даражани қўлга киритиб, 2010-2014 йилларда Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Стратегик ишлар, хавфсизлик ва қуролсизланиш бўйича дирекциясида ишлаган.

Шунингдек, у Франциянинг Пекиндаги элчихонасида  "Сиёсий маслаҳатчи" сифатида фаолият юритган (2014-2017), сўнгра Франциянинг Нью-Йоркдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий ваколатхонасида (2017-2019) ишлаган, кейин эса Марказий маъмуриятга Осиё ва Океания ҳамда Узоқ Шарқ бўйича директор сифатида қайтган (2019-2020).

2020-2025 йилларда Уалид Фук Франция Республикаси Президентининг Осиё, Океания ва Америка бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган.

У 2025 йил 27 августдан эътиборан Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига киришди.

Маълумот учун, янги элчи 2021 йилнинг октябридан 2025 йил августигача Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган Орелия Бушезнинг ўрнини эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, 14 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франция элчиси Орелия Бушезга икки мамлакат ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” орденини топширганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Ўзбекистон Бахтиёр Саидов Уалид Фук

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг