Франциядаги Россия консуллиги яқинида портлаш юз берди
Олам
−
24 Февраль 3034 1 дақиқа
Бугун, 24 февраль куни Франциянинг Марсель шаҳридаги Россия консуллиги яқинида портлаш юз берди. Бу ҳақда BFM TV хабар берди.
Қайд этилишича, Россия консуллиги саккизинчи округда жойлашган. Воқеа жойига 30 га яқин ўт ўчирувчилар ва полиция ходимлари жўнатилган.
“Марсель ўт ўчирувчилари портлаш Россия консуллигидан унча узоқ бўлмаган 8-округда содир бўлганини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Кейинчалик Россиянинг Марселдаги бош консули Станислав Оранский консулхона яқинида портлаш содир бўлганини ва воқеа жойига ўт ўчирувчилар етиб келганини тасдиқлаган.
Бироздан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ушбу ҳолат юзасидан ўз фикрини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Марселдаги бош консуллиги яқинидаги портлашларда терактнинг барча белгилари бор.
“Москва Франциядан портлашларни текшириш бўйича кенг қамровли чоралар кўришни, шунингдек, Россиянинг хорижий институтлари хавфсизлигини мустаҳкамлаш чораларини кўришни талаб қилмоқда”, дея қўшимча қилган Захарова.
Эслатиб ўтамиз, 3 февраль куни Россия пойтахти Москва шимоли-ғарбидаги “Алые паруса” тураржой мажмуасида портлаш содир бўлганди. Тураржой ҳудудида портловчи мосламанинг ишга тушиши оқибатида беш киши жароҳатланган, бир киши ҳалок бўлган.
Live
Барчаси