Францияда вазият жиддий: тартибсизликлар ортидан 1300 дан зиёд киши ҳибсга олинди
Олам
−
01 Июль 2023
4459Францияда полиция 17 ёшли ўсмирни ўлдирганидан кейин бошланган тартибсизликларда 1300 дан ортиқ одам ҳибсга олинди. Бу ҳақда BFMTV телеканали хабар берди.
“Ҳуқуқ-тартибот кучлари жами 1311 кишини ҳибсга олди, улардан 406 таси Париж ва унинг яқин атрофларида қўлга олинган”, дейилади телеканал хабарида.
Франция ҳукумати кейинги ҳаракатларни режалаштириш учун эрталаб яна турли идоралар вакилларини бирлаштирган инқироз гуруҳининг йиғилишини чақирган.
Ҳозирда Париж ва шаҳар атрофида тартибсизликлар камайган. Энг жиддий тартибсизликлар Марсель ва Лионда содир бўлмоқда.
“Le Figaro” нашри полициядаги манбага таяниб, Лионда тартибсизликлардан бири насосли милтиқни қўллаши оқибатида етти нафар ҳуқуқ-тартибот идораси ходими яраланганини ёзган.
Франциядаги вазият
Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ Наэль полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.
Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.
Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.
Тартибсизликларнинг биринчи кечасида 150 нафар киши ҳибсга олинган. Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.
LiveБарчаси