Францияда барча давлат хизматчилари миллий мессенжерга ўтказилди
Олам
−
03 Сентябрь 2180 2 дақиқа
Францияда жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб барча давлат хизматчилари Tchap миллий мессенжеридан фойдаланишни бошлади. Мамлакат расмийлари хавфсизлик нуқтаи назаридан расмийларга, жумладан вазирларга Tchap миллий хабар алмашиш иловасидан фойдаланишни буюрган. Бу ҳақда “Le Figaro” газетаси хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Франция ҳукумати Signal, Telegram ва WhatsApp мессенжерларидан фойдаланишни тақиқлаган, чунки улар хорижий махсус хизматлар билан боғлиқ деб ҳисобланади. Хусусан, WhatsApp ва Signal – АҚШ, Telegram эса Россия махсус хизматлари билан.
Ҳукумат маълумотига кўра, Tchap иловаси Рақамли технологиялар бўйича идоралараро бошқарма (Dinum) ва Ахборот тизимлари хавфсизлиги миллий агентлиги (ANSSI) томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, давлат хизматчилари ўртасида хавфсиз ишчи мулоқотини таъминлаш учун мўлжалланган.
“Хавфсиз” ва “мустақил” хизмат сифатида эълон қилинган Tchap очиқ кодли Riot операцион тизими ва Лондон ҳамда Ренн шаҳарларида жойлашган Matrix компанияси дастурий таъминоти асосида ишлайди. Унинг маълумотлари Франция ҳукумати серверларида сақланади. Tchap’ни фақат ҳукумат электрон манзилларига (gouv.fr ёки elysee.fr билан тугайдиган) эга бўлганлар App Store’дан юклаб олиши мумкин. Бундан ташқари, фойдаланувчилар ўртасида алмашилаётган хабарлар end-to-end шифрлаш орқали ҳимояланган бўлиб, уларни фақат жўнатувчи ва қабул қилувчи ўқий олади.
Мессенжер номи XVIII аср француз муҳандиси, дастлабки оптик алоқа усулларидан бирини ихтиро қилган Клод Шапп шарафига қўйилган.
Маълумот учун, аввалроқ Россияда МАХ миллий рақамли платформаси жорий қилинганди. У мессенжер функцияларини ва турли хизматларга киришни бирлаштиради. Илова 2025 йилнинг мартида мамлакатнинг рақамли суверенитет стратегияси доирасида ишга туширилган. Барча маълумотлар Россия ҳудудида сақланади, хизматлар эса маҳаллий эҳтиёжларга мослаштирилади – такси чақиришдан тортиб миллий тўлов тизими билан ишлашгача.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Қуролли кучлари энди WhatsApp ва Telegram ўрнига мамлакатнинг миллий мессенжери – Aitu’дан фойдаланишни бошлаши хабар қилинган эди. Бу қарор Президент Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғи асосида қабул қилинган бўлиб, хорижий платформалардан фойдаланиш билан боғлиқ хавфларни камайтиришга қаратилган.
Live
Барчаси