Франция супермаркетларига қилинган киберҳужум ортида Эрон турган бўлиши мумкин
World
−
10:14 601 2 minutes
Франция ҳукумати мамлакатдаги юзлаб супермаркетларнинг музлаткич ва совутиш ускуналарига қилинган киберҳужум ортида Эрон турганини маълум қилди. Ҳужум оқибатида минглаб тонна озиқ-овқат маҳсулотлари яроқсиз ҳолга келган. Париж Теҳронга қарши Европа миқёсида санкциялар жорий этилишини ваъда қилмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро кеча, 9 ноябрь куни Парижда ўтказилган G7 саммити доирасидаги матбуот анжуманида ҳужум учун Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси жавобгар эканини айтган. Унинг таъкидлашича, бу Франция манфаатларига қарши мисли кўрилмаган даражадаги ҳужум бўлган.
Вазир Эрон элчиси Франция Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга кескин норозилик билдирилганини ҳам маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳужумлар жорий йилнинг 11–12 октябрь кунлари Франция бўйлаб 700 га яқин супермаркет ва дўконга таъсир қилган. Хакерлар минглаб музлаткич ва совутиш камераларининг ҳароратини масофадан ўзгартирган. Айрим ускуналарда ҳарорат минус 27 даражадан 50 даражадан юқорига кўтарилган. Оқибатда дўконлар минглаб тонна тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини ташлаб юборишга мажбур бўлган. Айрим савдо нуқталарида ҳароратнинг кескин кўтарилиши ёнғинларга ҳам сабаб бўлган.
Париж прокурори Лора Бекконинг айтишича, терговчилар ҳужум усулларини ўрганиб, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан боғлиқ “Шаҳид Кавеҳ” киберҳужум гуруҳининг изларини аниқлаган. Бунга ҳужумларда форс тилидан фойдаланилгани ва Эронда жойлашган қурилмаларга тегишли IP-манзиллар аниқлангани асос бўлган.
Прокуратура гуруҳ раҳбари, унинг ўринбосарлари ва бошқа алоқадор шахсларга нисбатан тергов бошлаган. Уларга ахборот тизимларига уюшган гуруҳ таркибида ноқонуний ҳужум қилиш ва одамлар ҳаётига хавф туғдирадиган зарар етказиш айбловлари қўйилиши мумкин.
Шунга ўхшаш ҳужумлар бошқа Европа мамлакатларида ҳам кузатилган. Ўтган ҳафта Буюк Британия, Белгия, Эстония, Ирландия, Финляндия, Люксембург, Нидерландия ва Швеция каби 11 та мамлакатда супермаркетларнинг совутиш тизимларида муаммолар қайд этилган.
Бундан ташқари, хакерлар Франциянинг қон хизмати маҳсулотлари сақланадиган совутиш омборларининг бошқарув тизимларига ҳам кирган. Ускуналардаги ҳарорат ва муздан тушириш чегаралари кескин оширилган. Бироқ сигнализация тизими техник ходимларни ўз вақтида огоҳлантирган ва улар маҳсулотлар яроқсиз ҳолга келишидан олдин совутиш камераларини ўчирган. Бу ҳужум супермаркетлардаги ҳодиса билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги ҳозирча аниқланмаган.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас ҳам, агар ҳужумлар ортида Эрон тургани тасдиқланса, Европа бунга қатъий жавоб бериши кераклигини айтган. Масала келаси ҳафта бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғилишида муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Live
All