Франция суди собиқ президент Саркозига чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди
Олам
−
19 Декабрь
2228Франция кассация суди 2021 йил март ойида собиқ президент Николя Саркозини коррупция ва судьяга пора беришга уринишда айблаб, чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Франциянинг собиқ президенти электрон билагузук тақиб, бир йилни уй қамоғида ўтказиши керак. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Аввалига у уч йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ ҳукм шартли бўлган. Саркози ҳукм устидан Париж Апелляция судига шикоят қилди, бироқ 2023 йилнинг май ойида ютқазди.
Ҳукм ўз кучида қолди, суд ҳукмига кўра, агар у ўз ҳаракатларини кузатиш учун электрон билагузук тақишга рози бўлса, собиқ президент жазо муддатининг бир йилини уйда ўтказиши мумкин.
Кеча, 18 декабрь куни мамлакат олий судида апелляция шикоятини бой берган Николя Саркози Францияда барча қонуний имкониятларни тугатди ва энди ҳукм кучга кириши керак. Судья унга электрон билагузук кийишни ва уни бир йил давомида тақишни буюрди.
Саркози қамоқ жазосига ҳукм қилинган биринчи Франция президенти бўлди. Собиқ президентнинг адвокати Патрис Спиносининг сўзларига кўра, унинг мижози суд қарорига амал қилади, аммо Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят қилади. Саркози "чуқур адолатсизлик" қурбони бўлганини айтди.
Иш бир неча ҳафта ичида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига юборилиши кутилмоқда, бироқ бу Николя Саркозини Страцбургдан жавоб кутаётган пайтда ҳукмни ижро этишдан озод этмайди.
Коррупция иши
2021 йилнинг 1 мартида Париж суди Николя Саркозини 2014 йилдаги телефон тинглаш иши бўйича уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Кейин у ва унинг адвокати Тьерри Герцог прокурор Гильберт Азибертдан бошқа иш бўйича тергов ҳақида ноқонуний маълумот олишга уринишда айбдор деб топилди.
Тергов маълумотларига кўра, Саркози Эрзог Азибертга маълумот эвазига Монакодаги лавозимни ваъда қилган ва улар бу ваъдани бажармаган бўлсалар-да, прокуратура таклиф этилаётган битим фактининг ўзини коррупция кўриниши сифатида тан олган.
Ҳукм устидан шикоят қилиш пайтида Саркози озодликда эди.
Франциянинг собиқ президентига қарши яна бир коррупция иши очилди, унда прокурорлар Ливия ҳукумати унинг 2007 йилги президентлик кампаниясига ноқонуний ёрдам берганини таъкидламоқда. Бироқ иш ҳалигача судга етказилмаган.
Николя Саркози 2007 йилдан бери бир беш йиллик муддатга президентлик қилди. У иммиграцияга қарши қатъий сиёсати ва глобал молиявий инқироздан қаттиқ жабр кўрган Франция иқтисодиётини ислоҳ қилиш ҳаракатлари билан ёдда қолган.
LiveБарчаси