Франция Россияга тегишли айтилаётган танкерни қўйиб юбормоқчи
Олам
−
31 Январь 2079 2 дақиқа
Франция расмийлари қўлга олинган Россиянинг “соя флоти”га мансуб Grinch номли нефть танкерини миллий қонунчилик талаблари ва чекловлари сабабли қўйиб юборишга мажбур. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 30 январь куни журналистлар билан учрашувда сўз очди.
Зеленскийнинг айтишича, бу масала бўйича у бир кун аввал Франция Президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқот қилган.
Макрон Зеленскийга Франция қонунчилиги ҳозирча бундай танкерларни узоқ муддат ушлаб туришга имкон бермаслигини айтган. Шу билан бирга, Франция Президенти келажакда бундай ҳолатларда танкерларни қўйиб юбормаслик учун мамлакат қонунчилигига ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиқмоқчи эканини билдирган.
Шу орада Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова танкер Россия билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Франция ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ушланган танкернинг экипажи Ҳиндистон фуқароларидан иборат. Юк кимга тегишли экани ва унинг эгаси кимлиги эса номаълум. Захарованинг таъкидлашича, шу сабабли ушбу кеманинг Россия билан бевосита алоқаси йўқ.
Қайд этиш жоиз, Grinch нефть танкери 22 январь куни Ўрта ер денгизида қўлга олинган. Шундан сўнг Эммануэль Макрон Франция ушбу операцияда Буюк Британия каби бир қатор иттифоқчилар томонидан қўллаб-қувватланганини айтган. Унинг сўзларига кўра, танкер халқаро санкциялар остида бўлган ва сохта байроқ остида ҳаракатланган бўлиши мумкин.
Олти кун ўтиб, Марсель прокуратураси танкер Россиянинг “соя флоти” билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги гумони билан унга нисбатан маъмурий ҳибс қўлланганини эълон қилди. Танкер капитани 58 ёшли Ҳиндистон фуқароси ҳибсга олинган, бироқ кейинроқ озод қилиниб, кемага қайтган.Франциянинг BFMTV телеканали маълумотига кўра, Grinch Мурманскдан йўлга чиққан ва Комор ороллари байроғи остида, яъни сохта байроқ билан ҳаракатланган. Ушланганидан сўнг танкер Марсель–Фос портига йўналтирилган.
Live
Барчаси