Франция Башар Асадни ҳибсга олиш учун яна ордер берди
Олам
−
22 Январь
1182Жорий йилнинг 20 январь куни Франциядаги тергов судьялари Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни 2017 йилда Араб Республикасидаги тинч аҳоли манзилларини бомбардимон қилишда иштирок этганликда айблаб, ҳибсга олиш учун навбатдаги ордерни берди. Бу ҳақда “Le Monde” хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ордер 59 ёшли француз Салоҳ Абу Набунинг ўлими юзасидан тергов олиб бораётган Франция Миллий аксилтеррор прокуратураси (PNAT) сўровига кўра берилган. Қайд этилишича, у 2017 йилда Сурия армияси вертолётлари томонидан Даръа вилоятидаги уйида ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган. Прокуратура янги ордер бериш ҳақидаги илтимосига Асад энди суд жараёнларидан давлат дахлсизлигига эга эмаслиги билан асослаган.
Маълумот учун, бу Сурия собиқ раҳбарига нисбатан иккинчи ҳибсга олиш ордеридир. Аввалгиси Асаднинг Сурия қўшинлари томонидан кимёвий қурол қўллаганликда айбланши билан боғлиқ эди. PNAT бу буйруққа эътироз билдиришга уриниб кўрган, чунки собиқ президент жиноий таъқибдан иммунитетга эга бўлган. Унинг апелляцияси Франция кассация суди томонидан 2025 йил 26 мартда кўриб чиқилиши керак. Хабарга кўра, Франция адлия тизими Суриянинг юқори мартабали амалдорларини ҳибсга олиш учун жами 14 та ордер берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОCCRP суриштирувчи журналистлар консорциуми ҳокимиятдан ағдарилган ва Россияга қочган Суриянинг собиқ раҳбари Башар Асадни “2024 йилнинг коррупцион амалдори” деб атаганди.