Франция Афғонистондан фуқароларни эвакуация қилишни якунлади
Олам
−
28 Август 2021
3796Франция Афғонистондан ўз фуқаролари ва французлар билан ҳамкорлик қилган афғонларни эвакуация қилиш бўйича операцияни якунлади, француз дипломатлари Қобулни тарк этди. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлиги ва Қуролли Кучлар вазирлигининг қўшма баёнотида айтилган.
“Қобул аэропортининг хавфсизлиги учун жавобгар бўлган АҚШ қўшинлари тезлик билан олиб кетилгани тасдиқланганидан сўнг, аэропортдаги шартлар хавфсизлик мезонларига жавоб бермайди. Бизнинг эвакуация операциямиз 27 август куни якунланди. Франциянинг Қобулдаги элчихонаси жамоаси Абу-Дабига етиб келди ва у ердан Францияга кетди. Бизнинг дипломатларимиз, ҳарбийларимиз, полиция ходимларимиз ҳамда Қобул, Абу-Даби ва Париждаги барча давлат хизматчилари доимий равишда фуқароларни эвакуация қилиш ва минглаб одамларга бошпана бериш учун ҳаракат қилмоқда”, дейилган хабарда.
Баёнотда таъкидланишича, жорий йилнинг 15 августидан буён француз кучлари 3 минг кишини Қобулдан олиб чиққан, шундан 2,7 мингга яқини афғонлардир.
Қайд этилишича, Франция оммавий эвакуация бошланишидан олдин ҳам Афғонистон фуқароларини олиб чиқиб кетишни бошлаган ва 15 августга қадар 1,5 минг одамни эвакуация қилган.
Қуролли Кучлар вазири Флоранс Парли ва Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дрианга кўра, Франция афғонларни ҳар доим қўллаб-қувватлайди.
Аввалроқ, Германия Афғонистондан фуқароларини ва афғонистонликларни эвакуация қилишни тўхтатгани ҳақида хабар бергандик.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь