Фозилхўжа Орифхўжаев шартли равишда озод этилди
3-саҳифа
−
06 Декабрь 2023
20015Шубҳали диний мазмундаги материаллар сақлагани ва у бошқа шахсларга тарқатганликда айбланиб, 7 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган Фозилхўжа Орифхўжаев озодликка чиқади. Бу ҳақда “Эзгулик” – инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
“Фозилхўжа Орифхўжаев шартли равишда муддатидан аввал қамоқдан озод қилинди. Ҳозир Навоий-Тошкент йўлида уйига қайтмоқда. Хайрли бўлсин!” деб ёзган Ташанов.
Унинг QALAMPIR.UZ журналисти билан суҳбатда маълум қилишича, Орифхўжаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони асосида озод қилинган бўлиши мумкин.
Фозилхўжа Орифхўжаев иши
Фозилхўжа Орифхўжаев 2021 йилнинг 26 июнь куни Олмазор туманида жойлашган “Тўхтабой” жоме масжидида жанжал кўтариб, жамоат тартибини ва фуқаролар тинчлигини бузганидан сўнг қамоққа олинганди.
Суд Фозилхўжа Орифхўжаевни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (“Майда безорилик”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.
Текширув давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига Орифхўжаев ўзининг мобил телефонида шубҳали диний мазмундаги материаллар сақлагани ва у бошқа шахсларга кўрсатгани ҳақида маълумот олган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертларининг хулосасига кўра, Facebook ижтимоий тармоғининг “Фозилкҳужа Арифхўжаев” фойдаланувчиси профилидаги айрим нашрлар диний фундаментализм ғояларини тарғиб қилувчи деб топилган.
2022 йилнинг 26 январь куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида судланувчи Фозилхўжа Орифхўжаевга (1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра Фозилхўжа Орифхўжаев Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
LiveБарчаси