Фожиа, офат, ўлим ва лагерлар: қора туризм учун ўнта манзил

Бу қизиқ

image

Баъзи саёҳатчилар одатий дам олиш манзилларидан кўра фожиали тарихга эга, даҳшатли ва саргузаштларга бой масканларни томоша қилишни афзал кўради. Ўлим ва азоб-уқубатлар билан боғлиқ фожиали қирғинлар содир бўлган ҳудудлардан тортиб, табиий офат изларига қадар бўлган жойларни саёҳат қилиш – қора туризм дейилади.

Бундай жойларга бориш учун ҳар кимнинг ўз сабаби бор: кимдир ўзи ёки аждодлари ўтмишини юзма-юз кўрмоқчи бўлади, кимдир эса тарихий воқеалар ҳақида чуқурроқ билишни истайди. Масалан, Аушвиц-Биркенау қурбонларидан қолган буюмларни кўриш ёки 11 сентябрь мемориалида ҳалок бўлганлар исмини ўқиш – фожиаларга алоқадорлар учун ниҳоятда муҳим, бошқалар учун эса хотирани сақлашда иштирок этиш имкониятидир.

Одамлар нима учун қора туризмга қизиқади?

Нега баъзи одамлар ўз вақти ва пулини бундай жойларга сарфлаши кўпчилик учун тушунарсиз ҳолат. Ахир, бошқалар йиллик таътилни пляжда, қуёш тиғида дам олиб, ташвишлардан йироқда ўтказишни афзал кўради.

“Bournemouth” университети профессори, туризм бўйича олим Дункан Лайтнинг айтишича, қора туризм ҳақида бир нечта нотўғри тушунчалар мавжуд.

“Энг катта нотўғри қарашлардан бири – одамлар ўлим ва азоб-уқубат жойларига носоғлом қизиқиш ёки ғайритабиий ҳаяжон сабабли боради, деган фикр. Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бундай мотивацияга деярли ҳеч қандай далил йўқ”, дейди у.

Бироқ асосий сабаблар бошқача. Одамлар ўтмишдан сабоқ чиқариш, фожиаларни ёдга олиш, воқеа жойларини ўз кўзи билан кўриш, қурбонларга ҳурмат бажо келтириш, оилавий тарих билан боғлиқ манзилларга бориш ёки миллий ўзликни ифодаловчи масканларни зиёрат қилишни хоҳлайди.

Дунёга машҳур қора туризм манзиллари

1. Аушвиц-Биркенау (Освенцим). Польша

Иккинчи жаҳон уруши даврида энг йирик нацистлар концлагерларидан бири бўлган Аушвиц-Биркенау 1940 йилда ташкил этилган ва 40 дан ортиқ кичик лагерлардан иборат эди. Бу ерда маҳбуслар қулликка мажбурланган.

Беш йилда камида 1,1 миллион одам қатл этилган, яҳудийларни оммавий қирғин қилиш миқёси жиҳатидан бошқа бирорта лагерь у билан тенг бўлмаган. Ҳозирда бу ҳудуд музейга айлантирилган бўлиб, унда асл барак (лагерь ҳудудидаги ётоқхона)лар сақланиб қолган.

Музейда поябзал, чамадон, лагерь кийимлари ва маҳбуслар томонидан яратилган санъат асарлари каби минглаб шахсий буюмлар намойиш этилади. Бу жойда қурбонларнинг хотираси ёдга олинади. Музей Польшанинг Освенцим шаҳрида жойлашган ва деярли йил бўйи очиқ.

2. Чернобиль. Украина

1986 йилги Чернобиль Атом электр станциясидаги ҳалокат оқибатида 350 минг киши эвакуация қилинган, 28 киши бевосита радиация таъсиридан вафот этган, яна икки киши портлаш оқшомидаёқ ҳалок бўлган. Портлаш ва ёнғин оқибатида реактор ядросининг камида 5 фоизи атроф-муҳитга чиқиб кетган.

Россия-Украина уруши туфайли ҳозирда бу ҳудудга саёҳатлар кириши тўхтатилган, аммо аввалги йилларда кўплаб қора туризм ихлосмандлари бу жойни зиёрат қилган.

3. 9/11 мемориал майдони ва музейи. АҚШ

“Ground zero” номи билан машҳур бўлган Нью-Йоркдаги ушбу мемориал майдон ва музей 2001 йил 11 сентябрь терактлари ҳамда 1993 йилги Жаҳон савдо маркази портлашини ёдга олиш учун ташкил этилган. Эгизак миноралар ўрнида барпо этилган бу музейда ҳужжатлар, артефактлар ва шахсий ҳикоялар сақланади.

Мемориалда 2 977 нафар 11 сентябрь қурбони ва 1993 йилда ҳалок бўлган 6 кишининг исмлари бронза панелларга ўйиб ёзилган. Мемориал майдон ҳар куни очиқ, музей эса душанбадан ташқари барча кунларда фаолият юритади.

4. Уруш қолдиқлари музейи. Вьетнам

Хо Ши Мин шаҳридаги бу музейда Вьетнам уруши ва биринчи Ҳинд-Хитой уруши ҳақидаги 9 та доимий кўргазма мавжуд. У ердаги фотожурналистлар суратлари, ҳужжатлар ва артефактлар орқали уруш даҳшатлари ва сиёсати ҳикоя қилинади.

Кўргазмаларда қамоқхоналардан қолган қийноқ асбоблари ҳамда дунё бўйлаб вьетнамликларга бирдамлик билдирган одамлар ёзувлари ҳам ўрин олган.

Шунингдек, иккита махсус бўлим АҚШ қўшинлари қўллаган “Agent Orange” кимёвий моддаси оқибатларига бағишланган. Бу модда 2,6 миллион гектар ер майдонини ифлослантириб, миллионлаб инсонлар соғлиғи ва келажак авлодга зарар етказган. Музей Вьетнамдаги энг машҳур маданий объектлардан бири ҳисобланади ва ҳар куни очиқ.

5. Помпей. Италия

UNESCO рўйхатига киритилган Помпей шаҳри замонавий дунёнинг тарихий манзилларидан фарқли ўлароқ, қадимги фожиа гувоҳи сифатида кўплаб сайёҳларни жалб қилади. Милодий 79 йилда “Везувий” вулқони отилиши оқибатида Помпей ва Геркуланум шаҳарларида минглаб одамлар кул остида қолган.

Археологик қазилмалар натижасида топилган харобалар бугунги кунда ҳам сайёҳлар учун очиқ. Неаполь шаҳри орқали бориб, кўриш мумкин. Ўтган ёздаги рекорд даражадаги ташрифлар сабабли эндиликда ёзги ойлар давомида кунига 20 минг киши билан чекланиш жорий этилди.

6. “Крамлин йўли” қамоқхонаси. Шимолий Ирландия

Белфаст шаҳрида жойлашган мазкур собиқ қамоқхона баъзан паранормал ва мистик ҳодисаларга қизиқадиган сайёҳларни ўзига жалб этсада, асосан, қора туризм ихлосмандлари учун тарихий аҳамиятга эга.

1845 йилдан 1996 йилгача фаолият юритган “Крамлин йўли”да аёллар ҳуқуқлари учун курашган Суффрагет ҳаракати аъзолари, Шимолий Ирландия сиёсий можаролари даври маҳбуслари ва бошқа оддий жиноятчилар сақланган. Сайёҳлар ўша давр тарихи билан танишиши ва сиёсий маҳбуслар пиёда сайр қилган майдонларни кўриши мумкин. Собиқ қамоқхона ҳудуди ҳар куни очиқ.

7. “Чоенг Эк” қатл майдонлари. Камбожа

“Чоенг Эк” геноцид маркази илгари “Қизил кхмерлар” режими томонидан оммавий қатл жойи сифатида ишлатилган. Бу ерда машҳур S-21 қамоқ ва сўроқ марказидан келтирилган 18 мингга яқин маҳбусларнинг катта қисми ўлдирилган. Режим даъвосида келтирилишича, мақсад Камбожани “аграр утопия”га айлантириш бўлган, аммо амалда қотиллик, очарчилик ва касаллик оқибатида 2 миллионга яқин инсон ҳаётдан кўз юмган.

“Чоенг Эк”да қурилган йирик буддавий ступа шиша панеллари ортида 5 мингдан ортиқ қурбонлар бош суяги жойлаштирилган бўлиб, улар яқин атрофдаги оммавий қабрлардан топилган. Пномпень шаҳридаги собиқ S-21 жойида барпо этилган “Туол Сленг” геноцид музейи эса ташриф буюрувчиларга “Қизил кхмерлар” режими тарихи, ҳаёт шароитлари ва унинг даҳшатли оқибатлари ҳақида билиш имконини беради. Музей ҳар куни очиқ.

8. Кигали геноцид ёдгорлиги. Руанда

Ушбу  ёдгорлик 1994 йили Руандада содир этилган геноцид қурбонларини ёдга олиш учун ташкил этилган. Ҳуту қуролли гуруҳлари томонидан Тутси озчилик аҳолиси ҳамда мўътадил ҳутуларга қарши қаратилган қирғинда атиги 100 кун ичида қарийб 800 минг киши ҳалок бўлган. Ёдгорлик ёнида 250 минг қурбон дафн этилган оммавий қабрлар жойлашган. У ерда учта доимий кўргазма мавжуд бўлиб, энг йириги айнан геноцид воқеаларига бағишланган.

Ташриф буюрувчилар ёдгорликни одатда тирик қолганлар олиб борадиган экскурсия ёки аудио-гид орқали томоша қилиши мумкин. Ёдгорлик ҳар куни очиқ, бироқ 12 ёшгача бўлган болалар унга киритилмайди.

9. Ҳиросима. Япония

1945 йил 6 август куни соат 08:15 да Ҳиросима шаҳрига атом бомбаси ташланди, у урушда қурол сифатида қўлланилган биринчи ядровий бомба эди. Портлаш оқибатида шаҳар ҳудудининг катта қисми вайрон бўлди, куйиш ёки радиация сабаб тахминан 140 минг киши ҳалок бўлди. Бугунги кунда Ҳиросимада қурбонларни ёдга олиш ва тарихга гувоҳ бўлиш мумкин бўлган бир нечта муҳим жойлар мавжуд. Улардан энг машҳури – “Атом бомбаси гумбази” номи билан танилган “Тинчлик” мемориал биноси. Бу портлаш марказида омон қолган ягона иншоот бўлиб, ҳозиргача сақланиб қолган.

Дарёнинг нариги томонида “Тинчлик” мемориал боғи жойлашган бўлиб, унда барча қурбонлар номи ёзилган арка шаклидаги ёдгорлик ва минглаб номаълум қурбонларнинг куллари қўйилган хотира тепалиги мавжуд.

Боғнинг бошқа томонида эса “Тинчлик” мемориал музейи жойлашган. Унда қурбонлардан қолган шахсий буюмлар, тирик қолганларнинг гувоҳликларига оид расмлар ва ўша давр суратлари намойиш этилади. Музей йилнинг деярли барча кунларида очиқ.

10. Седлеc оссуарияси. Чехия

Кутна-Ҳора шаҳридаги Седлеc ҳудудида жойлашган ушбу католик черкови “Суяк черкови” номи билан машҳур. XIII асрда бу жойга Қуддусдан муқаддас тупроқ олиб келиниб, қабрлар устига сепилади ва шундан сўнг, қабристон Европанинг турли бурчакларидан одамлар дафн қилинадиган машҳур жойга айланган. XIV асрда тарқалган ўлат касаллиги ва XV асрда қатл этилган ислоҳотчи руҳоний Ян Гус тарафдорлари кўтарган қўзғалонлар оқибатида вафот этган юз минглаб одам шу ерга кўмилган.

Қабристон тўлиб кетганидан сўнг одам суяклари черковнинг пастки қисмидаги оссуария (суяк сақланадиган махсус хона)га жойлаштирилган.

Бугунги кунда бу жой тахминан, 40 минг одам суяги билан безатилган. Деворлар, нақшлар, ҳатто улкан қандил ҳам инсон суякларидан ясалган.

Ҳозирда Седлеc оссуарияси ҳар йили юз минглаб сайёҳларни ўзига жалб қилади.

Черков католик анъанасида бу безакларни инсон ҳаётининг ўткинчилиги ва ўлимнинг муқаррарлиги ҳақида эслатма сифатида талқин қилади, деб ишонилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Чернобиль Помпей қора туризм Освенцим 9/11 мемориал майдони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг