Ўртадаги 25 йиллик музлар эриди – Илҳом Неъматов
Жамият
−
14 Февраль 2020
76972016 йилдан кейин олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон сиёсий ва иқтисодий изоляциядан халос бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бугун, 14 февраль куни ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган “Ҳаракатлар стратегияси”да кўрсатилган очиқ, дўстона ва ўзаро ҳурматган таянилган прагматик сиёсат олдинга силжияпти ва бу амалда кўриняпти. Мана шу очиқ сиёсат туфайли кейинги 25 йил ичида биз кирган сиёсий, иқтисодий изоляциядан тўла озод бўлдик”, дейди Илҳом Неъматов.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган мурожаатида Марказий Осиё мамлакатлари, яқин қўшнилар билан алоқалар бундан кейин ҳам мустаҳкамланишига тўхталган эди.
“Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни мазмун ва сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишимиз зарур”, деган эди Давлат раҳбари.
Илҳом Неъматов Президент Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ва бошқа мамлакат ўртасига тушган совуқ муносабат якун топгани, музлар эриганини қайд этди.
“Президентимиз Тошкент вилояти ҳокимиятида ўтган йиғилишдаги маърузаларида “биз ҳали Марказий Осиё давлатлари билан кейинги 25 йил давомида ўртамизда пайдо бўлган катта музни эритиш учун жуда кўп иш қилишимиз керак”, деган эдилар. Ҳақиқатан ҳам бу гаплар амалда бўлди. Ўртадаги муз эритилди. Бу Ташқи сиёсатимизда Марказий Осиё бўйича жуда катта бурилиш бўлиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан алоқаларимиз юқори поғонага чиқди ва икки томонлама манфаатли алоқалар бир маромда ривожланиб бормоқда”.
Илҳом Неъматов сўзида давом этаркан, 2017 йилдан буён амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш бир неча баробарга ўсганини қайд этди. Мисол учун 2017 йилгача Қирғизистон билан ўзаро товар айирбошлаш 100 миллион доллардан ошмаган бўлса, бугун қарийб 700 миллион долларни ташкил этмоқда. Ёки Қозоғистон билан ўзаро товар айирбошлаш 2 миллиардга ҳам етмаган бўлса, бугунги кунга келиб бу миқдор 3 миллиарддан ҳам ошиб кетган.
LiveБарчаси