Путин ўзбекистонлик дипломатни “Дўстлик” ордени билан тақдирлади
Жамият
−
08 Октябрь
9036Бугун, 8 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси доирасида МДҲ Бош котибининг ўринбосари, Ўзбекистон дипломати Илҳом Тўйчиевич Неъматовни Россия Федерациясининг "Дружба" ("Дўстлик") ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Илҳом Неъматовнинг МДҲни ривожлантиришдаги хизматларини, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси сифатидаги фаолияти давомида мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссасини қайд этиб, мукофотни топширган.
Маълумот учун, Илҳом Неъматов 1952 йилда Наманган вилоятида туғилган, 1973 йили Фарғона политехника институтини тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига эга.
У 1992-93 йилларда консуллик бошқармасида бўлим бошлиғи, ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган. Кейинги йилларда у Германиядаги элчихонада, Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармасида, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашида ишлаган, 1997-1999 йилларда Ҳиндистондаги элчи сифатида фаолият кўрсатган. У 1999 йилдан 2008 йилгача ҳам Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари бўлган, 2008-2010 йилларда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси, 2010-2013 йилларда эса Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси сифатида ишлаган, 2013-2014 йилларда ТИВнинг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси, 2014-2016 йилларда GM Uzbekistan бош директори маслаҳатчиси бўлган, 2016 йилда яна ТИВнинг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси лавозимига қайтган.
Илҳом Неъматов 2018-20 йилларда Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. У 2020 йилда Президент фармонига биноан биринчи ўринбосарликдан Ташқи ишлар вазири ўринбосарлигига туширилган. Неъматов 2021 йил 1 январдан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котибининг ўринбосари вазифасини бажаришга киришган. 2021 йил 8 май куни Минск шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида Илҳом Неъматов ушбу лавозимга тасдиқланган.