Президент Наврўз умумхалқ байрамини ўтказиш бўйича қарорни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 март куни “2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик  кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорним имзолади. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори

Халқимиз миллий юксалиш ва миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган ҳозирги вақтда барча эзгу қадрият ва анъаналаримиз қатори Наврўз байрамининг ҳам ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Айниқса, ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яшариш ва янгиланиш, яхшилик ва бағрикенглик, табиатни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш каби ўлмас ғоялар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади ва маъно-мазмунига ғоят ҳамоҳанг эканини таъкидлаш лозим.

Халқимиз асрлар давомида катта шоду хуррамлик билан нишонлаб келаётган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам сифатида белгиланган Наврўзи оламнинг ана шундай беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда бу айёмни янги Ўзбекистоннинг демократик қиёфаси, обрў-эътибори ва нуфузига ҳар томонлама муносиб тарзда ўтказиш мақсадида:

1. 2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита Наврўз байрамини Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда нишонлаш бўйича “Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган Наврўз умумхалқ байрамини ўтказиш концепцияси ва ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини бир ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.

2. Мазкур концепция ва дастурни тайёрлашда барча тадбирларни том маънода умумхалқ сайли ва шодиёнаси сифатида ўтказиш, уларда кенг халқ оммасининг фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

  • Наврўз кунларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътибор яққол ўз ифодасини топишини кўрсатиб берадиган, атроф-муҳитни, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
  • сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг тарзда, таъсирчан усулларда ифода этиш;
  • барча шаҳар ва қишлоқларда ташкил этиладиган байрам тадбирларида, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, ҳар бир ҳудуд аҳолиси ўртасида уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш;
  • халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик фазилатлари асосида нуроний кексаларни ҳар томонлама эъзозлаш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш;
  • юртимизда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларнинг амалий натижалари, Ўзбекистон фуқароси бўлган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўзни нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этиш;
  • ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз байрами арафасида шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллаларда умумхалқ ҳашарлари, кенг қамровли ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
  • тадбирлар бўлиб ўтадиган жойларда ҳунармандчилик кўргазмалари, китоб расталари, кўчма савдо дўконлари, кўклам таомларини тайёрлаш ва уларнинг савдосини ташкил қилиш.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

а) бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Наврўз умумхалқ сайилларини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

  • Наврўз умумхалқ сайиллари ўтказиладиган асосий майдонлар, хиёбонлар ва кўчаларни белгилаш, уларни миллий услубда байрамона безатиш ҳамда саҳналарни ўрнатиш;
  • жойларда бўлиб ўтадиган умумхалқ сайилларига маҳаллий фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, цирк санъати вакиллари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини кенг жалб этиш;
  • байрам тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудга хос бўлган халқ ўйинлари, томошалар, кўргазмалар ва мусобақаларни ўтказиш, баҳорий таомлар сотиладиган очиқ ошхоналарни жойлаштириш;

б) байрам дастурларини ва оммавий томошаларни тайёрлашда, кўчалар, хиёбонлар ва майдонларни безатишда катта маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ижодкорлар, композитор ва бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳларни кенг жалб этсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Наврўз умумхалқ сайилларига хорижий ва маҳаллий туристларнинг ташрифини ташкил этиш мақсадида кенг тарғибот ва тайёргарлик ишларини амалга оширсин.

4. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

  • Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда;
  • Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қопланади.

5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори Наврўз

Баҳолаганлар

179

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг