Фотиҳ Жалолов Муқимий театрига директор этиб тайинланди
Маданият-санъат
−
16:25 3193 2 дақиқа
Бугун, 7 октябрь куни Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри жамоасига янги тайинланган раҳбар Фотиҳ Жалолов таништирилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Маданият вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Фотиҳ Жалолов Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри директори лавозимига тайинланган.
Фотиҳ Жалолов мазкур тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси директори лавозимида фаолият юритаётган эди.
Маълумот учун, Фотиҳ Жалолов 1963 йилда туғилган. 1984 йилда А.Островский номидаги Тошкент театр-рассомчилик институтининг актёрлик факультетини тамомлаган. У ўз фаолиятини 1986 йили мазкур институтнинг “Қўғирчоқ актёри маҳорати” кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбеккино” тизими ҳамда “Ўзбекфильм” акциядорлик жамияти директори вазифасини бажарувчи лавозимларида фаолият юритган.
Актёр “Оқ бино оқшомлари”, “Бомба”, “Марғиёна”, “Қабрдан қайтган умр”, “Аёллар салтанати”, “Сардор”, “Дилхирож”, “Осмондаги болалар 2”, “Бахт учун миллион” ва бошқа фильмларда роль ижро этган. Шунингдек, “Катта ойи”, “Хотира рашки” ва “Муқимий” фильмларига режиссёрлик қилган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь