Фориш тумани ҳокими ҳам ишдан олинди

Жамият

image

Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокими Икром Матиев ишдан олинди ва унинг ўрнига янги раҳбар тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бугун, 1 ноябрь куни Фориш туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ҳамда Президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда вилоят ҳокими Фориш тумани ҳокими лавозимига Соҳиб Яхшибекович Исломов номзодини депутатларга тавсия этди. Депутатлар томонидан вилоят ҳокимининг таклифи бир овоздан маъқулланиб, у туманга янги раҳбар этиб тайинланди.

Тайинловга қадар Соҳиб Исломов “Қишлоқ хўжалигида юқори технологиялар агротехнопарки махсус саноат зонаси дирекцияси” масъулияти чекланган жамият директори лавозимида фаолият юритиб келган.

Ҳокимлик хабарида собиқ ҳоким Икром Матиевнинг лавозимидан озод этилиш сабаби келтирилмаган. У 2021 йилнинг январь ойида ҳоким этиб тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Кармана туманига ҳамда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрига янги ҳокимлар тайинланганди. Шунингдек, Оҳангарон шаҳри ҳокими ишдан олиниб, унинг ўрнига янги раҳбар тайинланганди. 

Бундан ташқари, Нарпай туманига шу пайтгача ҳокимлик қилиб келаётган Шербек Бўронов ишдан бўшатилиб, унинг ўрнига янги ҳоким ишга киришди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шуҳрат Ғаниев Фориш тумани Улуғбек Мустафоев Икром Матиев Соҳиб Исломов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг