Forbes энг сахий миллиардерларни аниқлади

Олам

image

Forbes АҚШнинг энг сахий 25 нафар миллиардери рейтингини эълон қилди. Нашр уларнинг бутун ҳаёти давомида хайрия ишларига қанча маблағ сарфлаганини ҳисоблаб чиққан.

Умуман олганда, ушбу рўйхатдаги миллиардерлар хайрия ишларига 149 миллиард доллар сарфлаган, уларнинг умумий бойлиги эса 799 миллиард долларни ташкил этади. 

Хайрия маблағлари 2021 йилгача, уларнинг капитали эса 2021 йил 14 январь ҳолатига кўра ҳисобланган. 

Рейтингда биринчи ўринни тадбиркор Уоррен Баффет эгаллаган. 2020 йил ҳолатига кўра, у 42,8 миллиард долларни хайрия ишларига сарфлаган (унинг бойлиги 88,8 миллиард долларга баҳоланмоқда). Таъкидланишича, у соғлиқни сақлашни ривожлантириш ва қашшоқликни камайтириш учун хайр-эҳсон ишларини амалга оширган. 

Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва унинг рафиқаси Мелинда Гейтслар рейтингнинг иккинчи ўрнидан жой эгаллашган. Уларнинг бойлиги 120,7 миллиард долларни, хайр-эҳсонларининг умумий миқдори эса 29,8 миллиард долларни ташкил этган. Уларнинг жамғармаси 2020 йилда COVID-19 га қарши курашга қаратилган тадқиқотларни молиялаштира бошлаган. Эр-хотин икки йил ичида ушбу мақсадлар йўлида 1,75 миллиард доллар сарфлашга ва бутун дунё бўйлаб муҳтожларга пандемияга қарши курашиш воситаларини тақдим этишга ваъда беришган. 

Молиячи Жорж Сорос рейтингда учинчи ўринни эгаллаган. У ҳаёти давомида 16,8 миллиард доллар хайрия қилган ва 14 январь ҳолатига кўра унинг бойлиги 8,6 миллиард долларга баҳоланган. Унинг "Очиқ жамият" фондлари дунёнинг 120 та мамлакатида фаолият юритиб, демократия ва сайловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор қаратмоқда. 2020 йилнинг ўзида у ушбу соҳалар учун 140 миллион доллар ажратган, бундан ташқари, ўтган йили Сорос камситишга қарши кураш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва журналистикани қўллаб-қувватлаш учун 1,2 миллиард доллар ажратган.

Нью-Йоркнинг собиқ мэри Майкл Блумберг рейтингда тўртинчи ўринни эгаллаган. Унинг бойлиги 54,9 миллиард долларни, хайр-эҳсонларининг умумий миқдори эса 11,1 миллиард долларни ташкил қилган. Блумберг иқлим ўзгариши ва аҳоли саломатлигига эътибор қаратган. Сўнгги ўн йил ичида у тамаки истеъмолини камайтириш учун бир миллиард доллардан кўпроқ маблаг ажратган. 2018 йилда эса ҳозирги кунда коронавирус статистикаси билан дунёга машҳур бўлган Жонс Хопкинс университетига 1,8 миллиард доллар ўтказган. Унинг жамғармаси COVID-19 га қарши курашга 330 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган. 

Бу йилги рейтингда Amazon асосчиси Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси Маккензи Скотт ҳам пайдо бўлган. У ирқий, гендер ва иқтисодий тенгсизликка қарши курашувчи ташкилотларга 5,83 миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратган ва рўйхатнинг олтинчи ўрнидан жой олган. Скоттнинг бойлиги 55,2 миллиард долларга баҳоланган. 

Facebook асосчиси Марк Цукерберг ва унинг рафиқаси Присцилла Чан умумий миқдорда 2,7 миллиард доллар хайрия қилган ва рейтингнинг ўнинчи ўрнини эгаллаган. Уларнинг бойлиги 90 миллиард долларга баҳоланган. Жуфтлик илм-фан, таълим, адолатли сайловлар ва адолатни қўллаб-қувватлайди. Бироқ, 2020 йилда улар асосий эътиборини COVID-19 га қарши кураш ва сайловларга қаратган. Цукерберглар оиласи жамғармаси коронавирусга қарши курашиш учун 100 миллион доллардан кўп, сайловларда адолатли овоз беришни қўллаб-қувватлаш учун эса 400 миллион доллар ажратган.


Мақола муаллифи

Теглар

хайрия миллиардерлар

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг