“Фоҳишахоналарни ёпмаймиз. Чунки, у бизга фойда келтиряпти”. Адвокат аслида нима деганди? (видео)
Жамият
−
19 Май 2022
88303Ижтимоий тармоқларда “Маҳалла” телеканалидаги “Минбар” кўрсатувининг гиёҳванд моддалар айланмасига бағишланган сонида адвокат Амрулло Аҳмедовнинг фоҳишахоналар ҳақидаги фикри кенг тарқалмоқда. Тармоқда тарқалаётган видеода адвокат фоҳишахоналар кераклигини айтаётганини кўриш мумкин.
“Нима учун биз дискотекаларни очиб қўйяпмиз? Нима учун биз уни назорат қилмаймиз? Мана ҳозир ҳуқуқ аналогияси томонидан оладиган бўлсак, фоҳишахоналар борми бизда!? Нима учун ёпмаймиз? Уни ёпиш имконияти бор. Битта тадбир эълон қилинса, ҳаммасини ёппасига ёпиш мумкин. Уни ёпмаймиз, чунки у бизга фойда келтиради. Қандай фойда келтиради? У ерда қайси бир жиноятчини аниқлаймиз. У ердан фоҳиша орқали мана наркотик воситалари тарқатилади. Чунки, айнан фоҳишахонага ташриф буюрувчи битта шахс ва фоҳиша ўртасида телефонда мулоқот бўляпти. Фоҳиша агар шу гиёҳвандлик воситасини олиб келсанг, сенга хизматими текин бўлади деяпти”, дея адвокат билдирган фикрларнинг бир қисми тарқатилган.
Хўш, ҳуқуқшунос ҳақиқатан ҳам фоҳишахоналар кераклигини айтиб чиқдими? Албатта, йўқ. Фақатгина буни англаш учун адвокатнинг фикрига тўлиғича қулоқ тутиш керак. Адвокат юқорида келтирилган фикрлари давомида шундай дейди:
“... У қайсидир жойдан гиёҳвандлик воситасини олиб келяпти ва фоҳишани олдига кирган вақтида тадбир бўлиб, ушланяпти.
Нега бунга йўл қўйиб беряпмиз? Қайсидир талабага, ўғлимизга шунга мойиллик яратиб беряпмизми, гиёҳванд моддаси олиб келгин деб. “У гиёҳвандлик моддаси тополмайман” деб айтяпти. “Мен сенга Telegram ботини айтаман. Шундан олиб келгин”, деяпти. Instagram’да ёзишмалар бўляпти, унга қаердан олишини айтяпти. Охир-оқибатда у ички ишларда махсус аризачи бўлиб чиққанда, биз буни қандай тушунишимиз керак?”
Адвокат Амрулло Аҳмедовнинг ўзи ҳам фикри контекстдан юлиб, тарқатилганига муносабат билдирган.
“Ҳурматли ватандошлар! Кеча “Маҳалла” ТВ орқали эфирга узатилган “Минбар” кўрсатувидан парча олинган кенг тарқалган контекст видеода аслида бошқа мақсадга айтилган фикрлар ташлаб юборилган ҳолда омманинг эътиборини тортиш ва менга нисбатан ёмон фикр уйғотиш учун монтаж қилинган.
Шахсан менга бу ҳолатдан ким ёки қайси ташкилот манфаатдор бўлиши маълум эмас. Лекин фоҳишалар ёрдамида наркобизнесни тарғиб қилиш, ёшларимизни жиноят содир этиш йўлига етаклаш нотўғри усул эканлигини ва бундан воз кечиш зарурлиги таъкидламоқчи бўлиб айтилган фикрларим шунчаки қирқиб ташланган.
Ушбу нутқимда биз деб гапирганимнинг боиси ҳам ушбу иллатга барчамиз масъул эканлигимизни билдиради.
Шахсан ман, қайсидир тизимни танқид қилиш билан эмас балки, фоҳишалар орқали наркобизнес ва бошқа жиноятларни тарғиб этиш ҳолатларига чек қўйишимиз ва шу орқали эски услубдан воз кечиш зарурлигини таъкидлагандим”, дейди адвокат.
LiveБарчаси