Flydubai пичоқбозликдан сўнг Исроилга парвозларни вақтинча тўхтатди
Олам
−
11:54 288 2 дақиқа
Flydubai авиакомпанияси Саудия Арабистонида фавқулодда қўнишни амалга оширган рейс билан боғлиқ ҳодиса суриштируви якунлангунига қадар Исроилга парвозларни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда авиакомпания баёнот берди.
“30 сентябрь куни FZ 1073 рейси билан содир бўлган ҳодисадан сўнг ҳамда тегишли давлат органлари билан мувофиқлашган ҳолда, Flydubai суриштирув ўтказилиш даврида Исроилга ва Исроилдан амалга ошириладиган рейсларни тўхтатиб туради”, дейилади авиакомпания баёнотида.
Авиаташувчининг билдиришича, ушбу тўхтатиш тегишли органларга ўз ишини давом эттириш ва содир бўлган воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш имконини беради.
“Биз олиб борилаётган суриштирувга ҳар томонлама кўмаклашиш ва бутун йўналишлар тармоғимизда хавфсизликнинг энг юқори стандартларига риоя қилиш тарафдоримиз. Биз давлат органлари, тартибга солувчи тузилмалар ва аэропорт вакиллари билан яқиндан алоқада бўлиб турибмиз ҳамда янги маълумотлар чиқишига қараб парвозларни тўхтатиш ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқамиз”, дейилади баёнотда.
Flydubai самолёти бортидаги фавқулодда ҳодиса
Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари ҳаво кемаси томон ҳавога кўтарилган эди. Кейинчалик ҳаво кемаси Саудия Арабистонига қўнгани маълум бўлди. Бунинг ортидан Flydubai авиакомпанияси Исроил телевидениесига “Дубай—Тель-Авив” рейсидаги учувчилар ўртасида бортда мушталашув содир бўлганини хабар қилди.
Тез орада самолёт ичидан олинган дастлабки фото ва видеолар пайдо бўлди. Суратда, тахминларга кўра, ҳужумчи билан олишган йўловчи тасвирланган. Ҳукумат эса учувчилардан бири самолётни қасддан қулатишга уринган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни текширмоқда. Унинг ҳаракатларига иккинчи учувчи ва у билан олишувга киришиб, фалокатнинг олдини олган исроиллик йўловчилар чек қўйган деб тахмин қилинмоқда.
Шунингдек, самолёт учувчиларининг фуқаролиги бўйича яна бир версия янгради. Россия ва Украина фуқаролиги ҳақидаги версиядан сўнг, учувчилар Уммон ва БАА фуқаролигига эга экани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Кейинчалик учувчилардан бири ҳужумдан сўнг пичоқ жароҳатлари оқибатида вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалди.
Оммавий ахборот воситаларида Украина ва Россиядан бўлган учувчилар йўловчи сифатида учиб кетаётгани ва Flydubai самолёти бошқарувини ўз қўлларига олишгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Кейинчалик Flydubai самолёти бортида ҳамкасбининг ҳужумидан жароҳат олган учувчи Ҳиндистон фуқароси Смит Маччхар экани маълум бўлди.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь
Тошкентдаги овқатланиш шохобчасида ёнғин чиқди
29 Сентябрь