Flydubai капитани ўзига келди ва самолётда нималар бўлганини очиқлади

Олам

−

image

Самолётни эгаллаб олишга уриниш пайтида оғир жароҳат олган Flydubai капитани Смит Маччҳар содир бўлган воқеа ҳақида илк бор сўзлаб берди. Унинг сўзларини CNN келтирди.

Маччҳарнинг сўзларига кўра, жароҳатларига қарамай, у иккинчи пилотга қаршилик кўрсатишда давом этган, чунки акс ҳолда бортдаги барча одамлар ҳалок бўлиши мумкинлигини тушуниб етган.

Ҳодиса 30 сентябрь куни Тель-Авивга йўл олган FZ 1073 рейсида содир бўлганди. Иккинчи пилот кабинада Маччҳарга ҳужум қилган. Самолёт бошқарувни йўқота бошлаган, бироқ бир неча йўловчи кабинага ёриб киришга ва ҳужумчини зарарсизлантиришга муваффақ бўлган. Бошқарувни бортда бўлган бошқа пилотлар ўз зиммасига олган, шундан сўнг самолёт Саудия Арабистонига фавқулодда қўнишни амалга оширган.

“Ўша пайтда мен ўз ҳаётим учун курашаётган эдим. Жуда оғир жароҳат олганимдан йиқилиб тушдим. Хаёлимдан: агар қайтиб оёққа тура олмасам-чи? деган фикр ўтди”, дейди Маччҳар Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан видеомулоқот чоғида.

Учувчининг сўзларига кўра, у 17 йилдан бери парвоз қилади, шундан 11 йилида ҳаво кемаси командири бўлиб ишламоқда. 

“Ҳатто кўзларим юмиқ бўлса ҳам, самолётимда нима юз бераётганини аниқ биламан”, дейди учувчи. 

Шу сабабли, кабина полида ётганида, у самолёт қулаётганини тушуниб етган.

“Полда ётганимда самолёт пастга шўнғиётганини ҳис қилдим. Бунинг нима билан якунланишини аниқ тушуниб турардим. Эшик жуда яқин эди. Мени калтаклашда давом этишаётганига қарамай, шунчаки эшикни очдим. Шунда ичкарига бошқалар кириб келишди. Воқеада уларнинг роли меникидан кам бўлмади. Ҳа, мен буни ўз ҳаётимни сақлаб қолиш учун қилдим. Лекин айни пайтда бунча одамнинг ҳалок бўлишига йўл қўя олмаслигимни ҳам тушунардим. Ушбу ҳодисадан сўнг бу ердаги одамлар... Менга шундай ёрдам ва тиббий кўмак кўрсатишдики, бундан ортиғини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди”, дейди Маччҳар.

У кўп миқдорда қон йўқотган ва оғир жароҳатлар олган. Дастлаб унга Саудия Арабистонида ёрдам кўрсатилган, сўнгра Абу-Дабидаги шифохонага ўтказилган ва у ерда даволанишни давом эттирмоқда.

Гумонланувчи иккинчи пилот ҳам Саудия Арабистонидан БААга ўтказилган. У ерда унга нисбатан терроризм моддаси бўйича тергов олиб борилмоқда. БАА Президентининг дипломатик масалалар бўйича маслаҳатчиси Анвар Гаргаш содир бўлган воқеани “хавфли террорчилик ҳаракати” деб атаган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг сўзларига кўра, гумонланувчи Уммон фуқароси. Уммон ва Исроил ўртасида расмий дипломатик муносабатлар мавжуд эмас ва у Исроилга рейс бажариш учун қандай қилиб рухсатнома олгани ҳозирча номаълум.
 
Иккинчи пилотнинг шахси расмийлар томонидан ҳозирча ошкор қилинмаган. Унинг мотиви ва ҳужум пайтида қўллаган қуроли ҳам расман аниқланмаган. Нетаньяху ҳужумчи пичоқ ёки болта ишлатган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. 

Flydubai самолёти бортидаги фавқулодда ҳодиса

Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи самолётлари ҳаво кемаси томон ҳавога кўтарилган эди. Кейинчалик ҳаво кемаси Саудия Арабистонига қўнгани маълум бўлди. Бунинг ортидан Flydubai авиакомпанияси Исроил телевидениесига “Дубай—Тель-Авив” рейсидаги учувчилар ўртасида бортда мушталашув содир бўлганини хабар қилди.

Тез орада самолёт ичидан олинган дастлабки фото ва видеолар пайдо бўлди. Суратда, тахминларга кўра, ҳужумчи билан олишган йўловчи тасвирланган. Ҳукумат эса учувчилардан бири самолётни қасддан қулатишга уринган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни текширмоқда. Унинг ҳаракатларига иккинчи учувчи ва у билан олишувга киришиб, фалокатнинг олдини олган исроиллик йўловчилар чек қўйган деб тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, самолёт учувчиларининг фуқаролиги бўйича яна бир версия янгради. Россия ва Украина фуқаролиги ҳақидаги версиядан сўнг, учувчилар Уммон ва БАА фуқаролигига эга экани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Кейинчалик учувчилардан бири ҳужумдан сўнг пичоқ жароҳатлари оқибатида вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқалди.

Оммавий ахборот воситаларида Украина ва Россиядан бўлган учувчилар йўловчи сифатида учиб кетаётгани ва Flydubai самолёти бошқарувини ўз қўлларига олишгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Кейинчалик Flydubai самолёти бортида ҳамкасбининг ҳужумидан жароҳат олган учувчи Ҳиндистон фуқароси Смит Маччхар экани маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг