Фижида ОИВ эпидемияси: мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Олам
−
08:49 1706 2 дақиқа
Фижи ҳукумати иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) авж олиши сабабли мамлакатда фавқулодда ҳолат ва миллий инқироз эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, 2025 йилда Фижида 2 минг 16 та янги ОИВ юқтириш ҳолати аниқланган. Бу бир йил олдингига нисбатан 27 фоизга кўп дегани. Ушбу давр мобайнида ОИВдан 117 киши вафот этган, улардан 18 нафари бир ёшгача бўлган болалар бўлган.
Фижи расмийлари ОИВ тарқалишига қарши курашиш учун 10 миллион доллар ажратган. Бутун мамлакат бўйлаб бепул тест топшириш ўтказилади. Ҳукумат, шунингдек, зарур дори-дармонларнинг мавжудлигини ошириш ва гиёҳвандлар учун игна ҳамда шприцларни алмаштириш дастурини ишга тушириш ниятида.
Фижи аҳолиси тахминан 900 минг кишини ташкил қилади. БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича Бирлашган дастури (UNAIDS) баҳолашига кўра, ўтган йили 9 минг 100 нафар маҳаллий аҳолида ОИВ аниқланган. Шу билан бирга, уларнинг фақат 39 фоизи инфекция юқтирганини билган ва беморларнинг атиги 22 фоизи зарур даволанишни олган.
Тадқиқотларга кўра, беш йил олдин Фижининг ҳар 167-катта ёшли аҳолисидан бирида ОИВ бўлган. Ҳозирда ОИВ ҳар 60-кишида мавжуд. Скринингдан ўтган ҳомиладор аёллар орасида ОИВ тарқалиши даражаси 2 фоизга етган.
2025 йилда Фижида 59 нафар бола ОИВ билан туғилган. UNAIDS мутахассисларининг сўзларига кўра, фижиликлар асосан жинсий алоқа орқали (50 фоиздан ортиғи) зарарланади, 42 фоиз ҳолат эса гиёҳванд моддаларни юбориш учун ифлосланган шприцлардан фойдаланишга тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат энергетика тизимига солинаётган таҳдидлар муносабати билан фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.
Live
Барчаси