Фирибгарлик билан фуқаролардан пул ундирган “Умрачи”лар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
20 август 2465 1 дақиқа
Тошкент ҳамда Фарғона шаҳарларида Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан фирибгарлик йўли билан пул олган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган шахс тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда, ўзини Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилган турфирманинг гўёки вакили сифатида таништириб, 3 нафар фуқарони Саудия Арабистонига Умра сафарига юбориш ва муқаддас амалларни тўлиқ бажаришларини таъминлаб бериш эвазига жами 3 450 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс 3 400 доллар ва 600 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида кузатилган ҳолатда эса 1998 йилда туғилган шахс ўзининг танишлари орқали 4 нафар фуқарони Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, жами 4 200 АҚШ доллари талаб қилгани маълум бўлган.
Бироқ у сўралган пул маблағини олган вақтида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида ҳоким ёрдамчисидан пул олган Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими собиқ бошлиғи қўлга олинганди.
Live
Барчаси