Финляндияда учувчиларнинг иш ташлаши туфайли 300 га яқин рейс бекор қилинди
Олам
−
23 Ноябрь
3491Финляндиянинг Finnair авиакомпанияси учувчилар касаба уюшмасининг иш ташлаши муносабати билан 9 ва 13 декабрь кунлари амалга оширилиши режалаштирилган 300 га яқин рейсларни бекор қилди. Бу ҳақда Yle хабар берди.
“Finnair авиакомпанияси Финляндия учувчилар касаба уюшмаси норозилиги туфайли рейсларни бекор қилишга мажбур. Иш ташлаш доирасида учувчилар 9 ва 13 декабрь кунлари парвозларни амалга оширмайди. Шу кунларда жами 300 та рейс бекор қилинади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, иш ташлаш туфайли парвозларни бекор қилиш оқибатлари авиакомпаниянинг 33 мингга яқин мижозига таъсир қилади.
“Биз касаба уюшмаси музокаралар ўрнига норозилик намойишига борганидан афсусдамиз, бу Рождество мавсумида минглаб мижозларимизнинг режаларига таъсир қилади”, деди Finnair бошқарувчи директори Яакко Шилдт.
Унинг сўзларига кўра, компания мижозларга ёрдам бериш учун қўлидан келганини қилади, масалан, уларга муқобил рейсларни таклиф қилади.
Маълум қилинишича, Финляндиянинг иқтисодиёти сиёсий иш ташлашлар оқибатида бизнес ва иш жойларига, ҳукумат ислоҳотларига қарши етказилган зарар 2 миллиард еврога яқинлашган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда минглаб ишчилар маошини оширишни талаб қилиб, бутун мамлакат бўйлаб иш ташлаганди. Тўрт миллионга яқин электротехника ва металлургия саноати ишчилари касаба уюшмаларининг иш ташлашлари Porsche, BMW, Mercedes ва бошқа йирик компанияларга таъсир кўрсатганди. Ходимларнинг асосий талаби иш ҳақини етти фоизга, шунингдек, стажёрларнинг иш ҳақини 170 еврога ошириш эди.
Муҳаммад Ҳодиев