Финляндия ва Швеция НАТОга қўшиляпти. Эрдўған ниятига етди
Олам
−
29 Июнь 2022
17066Кеча, 28 июнь куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг иштирок этган тўрт томонлама йиғилишдан кейин Туркия, Финляндия ва Швеция ўртасида “Учлик меморандум”и имзоланди. Бу ҳақда “Анадолу” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Меморандумни Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли, Финляндия Ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто ва Швеция Ташқи ишлар вазири Анн Линде имзолаган. Маросим Туркия Президенти Эрдўған, Финляндия Президенти Ниинистё, Швеция Бош вазири Андерссон ва НАТО Бош котиби Столтенберг иштирокида бўлиб ўтди.
Меморандумда қайд этилишича, Туркия, Финляндия ва Швеция вакиллари НАТО Бош котиби Столтенберг кўмагида қуйидаги масалаларда келишиб олган.
НАТО умумий мудофаа ва хавфсизликнинг ажралмас тамойиллари билан умумий қадриятларга асосланган иттифоқ эканлигини кўрсатиб, меморандум қуйидаги ибораларни ўз ичига олади:
“Туркия, Финляндия ва Швеция Вашингтон шартномасида белгиланган тамойиллар ва қадриятларга содиқлигини эълон қилади. Иттифоқнинг энг асосий элементларидан бири аъзо давлатларнинг миллий хавфсизлигига, шунингдек, халқаро тинчлик ва барқарорликка бевосита таҳдид соладиган терроризмнинг барча кўринишларига қарши курашда тўлиқ бирдамлик ва ҳамкорликдир.
Финляндия ва Швеция НАТОнинг келажакдаги иттифоқчилари сифатида Туркияни миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган барча таҳдидларга қарши курашда тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Келишувлар доирасида Финляндия ва Швеция Туркияда террорчилик ташкилоти деб тан олинган “Курдистон ишчи партияси”, Сурия “Халқ мудофааси отряди” ва ФЕТОни қўллаб-қувватламайди. Ўз навбатида Туркия ҳам Финляндия ва Швецияни миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган барча таҳдидларга қарши курашда тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Финляндия ва Швеция терроризмнинг барча кўринишларини қатъий равишда рад этади ва қоралайди. Финляндия ва Швеция барча террор ташкилотларининг Туркияга қарши уюштирган ҳужумларини очиқ ва сўзсиз қоралаб, Туркия ва қурбонларнинг оилалари билан чуқур бирдамлик туйғуларини изҳор қилмоқда. Финляндия ва Швеция “Курдистон ишчи партияси”нинг тақиқланган террор ташкилоти эканлигини тасдиқлайди.
Финляндия ва Швеция “Курдистон ишчи партияси” ва бошқа барча террор ташкилотлари, уларнинг филиаллари, шунингдек, унга алоқадор ёки улар билан мулоқотда бўлган шахслар ва фронт ташкилотлари фаолиятининг олдини олиш мажбуриятини олади.
Туркия, Финляндия ва Швеция бу террор ташкилотлари фаолиятининг олдини олиш мақсадида ҳамкорликни кенгайтиришга қарор қилди. Финляндия ва Швеция юқорида санаб ўтилган террор ташкилотларининг амбицияларини рад этади”.
Швеция ва Финляндияда терроризмга оид қонунчилик
Меморандумда қайд этилишича, Финляндия 2022 йил 1 январдан кучга кирган Жиноят кодексига бир қатор тузатишлар киритиб, жазоланиши мумкин бўлган террористик жиноятлар рўйхатига янги фаолият турларини қўшди. Шу билан бирга, жамоат жойларида терроризмга чорлаш ҳаракатлари алоҳида жиноят сифатида жазоланиши эслатилади.
Меморандумда “Швеция 2022 йил 1 июлдан бошлаб террорчилик жиноятлари тўғрисидаги янги ва самаралироқ қонун кучга киришини ва ҳукумат терроризмга қарши қонунчиликни кучайтиришда давом этишини тасдиқлайди. Туркия, Финляндия ва Швеция бу давлатлар ўртасида энди миллий қурол эмбаргоси йўқлигини тасдиқлайди.
Швеция НАТО иттифоқчиларига қурол экспорт қилиш бўйича миллий қонунчилигига ўзгартириш киритмоқда. Келгусида Финляндия ва Швециядан мудофаа маҳсулотлари экспорти иттифоқчилик бирдамлиги руҳида ва Вашингтон келишувининг 3-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
Туркия, Финляндия ва Швеция қуйидаги аниқ қадамларни ташлайди.
Меморандумда айтилишича, Туркия, Финляндия ва Швеция музокаралардан сўнг қуйидаги аниқ қадамларни ташлашган ваъда берганлар:
“Томонлар терроризм, уюшган жиноятчилик ва бошқа умумий муаммоларга қарши курашда консенсусга асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида барча даражаларда, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва разведка идораларида мулоқот ва ҳамкорликнинг тузилган ҳукуматлараро механизмини яратадилар.
Финляндия ва Швеция, НАТОнинг тегишли ҳужжатлари ва сиёсатлари қоидаларига мувофиқ, терроризмга қарши қатъий кураш олиб боради ва тегишли қонунчиликни мустаҳкамлаш учун барча зарур чораларни кўради.
Финляндия ва Швеция экстрадиция бўйича Европа конвенциясига мувофиқ Туркия томонидан терроризмда гумон қилинганларни депортация қилиш ёки экстрадиция қилиш бўйича сўровларини зудлик билан кўриб чиқиш ҳамда экстрадиция ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун Туркия томонидан тақдим этилган маълумотлар, далиллар ва разведка маълумотларини ҳисобга олади.
Финляндия ва Швеция тергов ишларини бошлайди ва “Курдистон ишчи партияси” террор ташкилоти, унинг барча бўлинмалари ва фронт ташкилотлари томонидан маблағ йиғиш ва ёллаш фаолиятини тақиқлайди.
Туркия, Финляндия ва Швеция дезинформацияга қарши кураш олиб бориш ва террор ташкилотларининг ташвиқот мақсадларида, жумладан Туркияга қарши зўравонликни қўзғатувчи ҳаракатларда суиистеъмол қилинишининг олдини олиш тарафдори. Финляндия ва Швеция қурол экспорти бўйича қонунчилиги иттифоқчилар олдидаги янги мажбуриятларга рухсат беришини ва уларнинг НАТОга аъзолик мақомига мос келишини таъминлайди.
Финляндия ва Швеция Туркия ва Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган бошқа иттифоқчиларнинг Европа Иттифоқининг умумий хавфсизлик ва мудофаа сиёсати бўйича жорий ва келажакдаги ташаббусларида, жумладан PESCO лойиҳасида Туркиянинг имкон қадар кенгроқ иштирок этишини қўллаб-қувватлайди.
Ушбу қадамларни амалга ошириш учун Туркия, Финляндия ва Швеция ташқи ишлар, ички ишлар ва адлия вазирликлари, разведка хизматлари ва хавфсизлик идоралари мутахассислари иштирокида Доимий қўшма механизм яратилади.
Доимий қўшма механизм бошқа мамлакатлар иштироки учун очиқ бўлади. Мадриддаги саммитда Туркия НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатини узоқ йиллик қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлайди ва Финляндия ва Швецияни НАТОга аъзо бўлишга таклиф қилишни қўллаб-қувватлашини билдиради.
LiveБарчаси