Финляндия Россия билан қуруқликдаги чегарасини бутунлай ёпади

Олам

image

Финляндия жорий йилнинг 30 ноябридан 13 декабргача Россия билан чегарадаги барча чегара ўтиш жойларини ёпади. Бу ҳақда Финляндия Бош вазири Петтери Орпо маълум қилди.

Қайд этилишича, чегараларнинг ёпилишига Россиянинг ҳаракатлари сабаб бўлган. 

“Аммо мамлакатлар ўртасида темирйўл алоқалари ва юк ташиш давом этади”, дея хабар беради Финляндиянинг “Yle” агентлиги.

Бош вазир Финляндиянинг ушбу қарори муҳожирлар билан боғлиқ мавжуд вазиятга мутаносиб эканини айтган.

Мамлакат Ички ишлар вазири Мари Рантаненнинг билдиришича, яқин келажакда Финляндияда вақтинчалик бошпана сўраб фақат мамлакат портлари ёки аэропортларида мурожаат қилиш мумкин бўлади. Унинг фикрича, чегарани ёпиш миллий хавфсизлик учун зарур.

"Ушбу қарор Финляндия миллий хавфсизлигини Россия гибрид операциясидан ҳимоя қилади", дейди Рантанен.

Финляндия чегара хизмати матбуот котиби Матти Сарасмаанинг маълум қилишича, Россия билан чегарани ёпиш қарори келажакда яна икки ҳафтага узайтирилиши мумкин.

Давлат чегара хизмати маълумотларига кўра, ноябрь ойида Сурия, Кения, Сомали ва бошқа давлатлардан 900 нафар муҳожир бошпана излаб, чегарани кесиб ўтган.

Бунга жавобан Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко ушбу қарорни мантиқий, деб ҳисобламаслигини билдирган. Шу билан бирга, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков вазиятга баҳо берар экан, Россия Финляндия қарорига "таъсир ўтказа олмаслиги"ни айтди. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда “прагматик муносабатлар” ўрнини “русофобик позиция” эгаллаган.

Финляндия Президенти Саули Ниинистё эса қочқинлар оқими мамлакатнинг НАТОга кириши учун "Кремлнинг қасоси" эканини айтган. 

Маълумот учун, 16 ноябрь куни Финляндия ҳукумати 18 ноябрдан бошлаб Россия билан чегарадаги тўртта назорат-ўтказиш пунктини ёпишга қарор қилган. 18 ноябрь куни бешинчи “Вартиус” назорат-ўтказиш пункти ҳам ёпилган. Кейинчалик Финляндия ҳарбийлари чегарага етиб келди ва қўшимча ҳимоя панжараларини ўрнатишни бошлади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Финляндия Россиядан велосипедларнинг бутун чегара бўйлаб киришига тақиқ жорий қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия чегара Финляндия Петтери Орпо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг