Финляндия Россиядан девор билан ҳимояланмоқчи
Олам
−
15 Апрель 2023
7935Кеча, 14 апрель куни Финляндия Россия билан чегарасидаги деворнинг 75 километрлик қисмини қуришни бошлади. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Финляндия 2021 йилнинг қишидаги Польшада – Европа Иттифоқининг шарқий чегарасида рўй берган воқеалар такрорланишининг олдини олишни мақсад қилган. Ўшанда блок Россиянинг ишончли иттифоқчиси бўлган қўшни Беларусни Яқин Шарқдан муҳожирларни олиб кириш, уларга визалар бериш ва инқирозни яратишда айблаган.
Ўтган йили Финляндия чегарасида 30 марта ноқонуний бузиб ўтиш ҳолати аниқланган, россиялик чегарачилар Финляндияга 800 га яқин кириш ҳолатларини тўхтатган.
“Финляндия-Россия чегарасида вазият ҳозир барқарор”, дейди Чегара қўриқлаш хизмати бригадаси генерали Яри Толппанен.
Манбага кўра, пўлат тўрдан ясалаётган чегара деворининг баландлиги 3 метр бўлиб, унинг тепасида тиканли сим ўрналитилади. Панжара тунги видеокузатув режими, муҳим ҳудудларни ёритиш чироқлари ва динамиклар билан жиҳозланади.
Финляндия деворни 2026 йил охиригача ўз чегарасининг энг муҳим қисмларининг 200 километрини (125 миля) кесиб ўтишини режалаштирган.
Маълумот учун, 2022 йилнинг февралида Польша ва Болтиқбўйи давлатлари Украинага бостириб кирган Россия ва Беларусь билан чегараларида тўсиқлар ўрнатишга киришган. Ҳозиргача Финляндия-Россия чегараси кенг ўрмонларда оддий чизиқ ва паст симли панжаралар билан ажратилган. Бу панжаралар уй ҳайвонлари ва қорамолларни тўхтатиб қўяр эди, лекин одамларни эмас.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 апрелида Финляндия НАТОга 31 аъзоси сифатида қабул қилинган эди.
Шоҳжаҳон Мажитов
LiveБарчаси