Филиппиндаги мактабда отишма содир бўлди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
15:44 510 2 дақиқа
Бугун, 18 сентябрь куни Филиппин жанубидаги мактабда отишма юз берди. Оқибатда олти киши ҳалок бўлди, яна 17 киши жароҳат олди. Ҳужумда гумон қилинаётган шахс ҳам ҳалок бўлган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, фожиа Жанубий Котабато провинциясининг Банга шаҳридаги Банга миллий ўрта мактабида содир бўлган.
“Мамлакат Ижтимоий фаровонлик ва ривожланиш департаменти маълумотларига кўра, камида олти киши қурбон бўлган, яна 17 киши жароҳат олган. Ўқ узган шахс ушбу мактабнинг ўқувчиси бўлгани тахмин қилинмоқда. Унинг ҳам ҳалок бўлгани қайд этилган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ҳодисадан сўнг Банга шаҳридаги барча босқичдаги машғулотлар вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда офатлар хавфини камайтириш ва фавқулодда вазиятларни бошқариш муниципал бошқармаси маълум қилган.
Таълим вазирлиги юз берган ҳодисадан хавотирда эканини ва мактаб маъмурияти, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.
“Бизнинг устувор вазифамиз – ўқувчиларимиз, ўқитувчиларимиз ва мактаб ходимларининг хавфсизлиги ва фаровонлигидир”, дейилади идора баёнотида.
Жабрланганларга ва фожиа таъсир қилган бошқа шахсларга психологик ёрдам, шунингдек руҳий саломатлик ва психо-ижтимоий тикланиш соҳасида ёрдам кўрсатиш ваъда қилинмоқда.
“Таълим вазирлиги, шунингдек, расмийлар ҳодиса тафсилотларини аниқлагунига қадар тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди. Жума кунги отишманинг эҳтимолий мотиви ҳозирча ошкор қилинмаяпти”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланддаги мактабда содир бўлган отишма оқибатида 9 киши ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси