FIFA ирқчиликка қарши курашни кучайтирмоқда
Спорт
−
17 Май
2078Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ирқчиликни ҳуқуқбузарлик деб тан олиш ва уни аъзо ассоциацияларнинг тартиб-интизом кодексига киритиш ниятида. Бу ҳақда ташкилот ўз баёнотида маълум қилди.
“Биз ирқчиликни FIFA'га аъзо бўлган барча 211 ассоциациянинг интизомий кодексларига мажбурий киритиш, ирқчиликни бошқа ҳодисалардан ажратиб, аниқ ва жиддий жазо чораларини, жумладан, жаримани таъминлаган ҳолда ўзига хос жиноятга айлантириш учун биргаликда ҳаракат қиламиз”, дейилади баёнотда.
FIFA баёнотида эндиликда футболчи ёки исталган бошқа жамоа вакили ўйинни тўхтатиб қўйиш ёки тугатишга хизмат қиладиган ирқчилик ҳаракати ҳақида хабар бериш учун махсус ишора кўрсатиши мумкинлигини қўшимча қилинди. Агар ўйинчи уч марта ирқчиликка учраса, ҳакам ўйинни муддатидан олдин тугатишга ҳақли. Ирқчилик ҳаракати ҳақида хабар бериш учун ўйинчи ёки жамоа аъзоси махсус ишорани кўрсатиши керак.
Ташкилот, шунингдек, ирқчиликка қарши курашиш учун ўз фаолиятини якунлаган футболчилардан ташкил топган янги гуруҳни ташкил этиш ниятида. Режага кўра, улар ирқий тенгсизликка қарши қаратилган ҳаракатларни амалга ошириш бўйича тавсиялар бериши керак.