FIFA Аргентина терма жамоаси футболчиларини жазолади

Спорт

image

FIFA Интизом қўмитаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати финалидан сўнг Аргентина терма жамоасининг уч нафар футболчисига нисбатан интизомий жазо қўллади. Бу ҳақда FIFA матбуот хизмати хабар берди.

Аргентина терма жамоаси ярим ҳимоячиси Леандро Паредес 10 та ўйинга дисквалификация қилинди ва 90 минг доллар миқдорида жаримага тортилди. Ҳимоячи Науэл Молина 7 та ўйинга дисквалификация қилиниб, 90 минг доллар жарима тўлаши белгиланди. Ярим ҳимоячи Тьяго Алмада эса 1 та ўйинга дисквалификация қилинди ва 30 минг доллар жаримага тортилди.

Финалдан сўнг Паредес Испания терма жамоаси футболчилари билан жанжаллашиб қолган эди. У дастлаб ҳимоячи Эрик Гарсиянинг бўйнидан ушлаган, кейин эса ярим ҳимоячи Гавини итариб юборган. FIFA аввалроқ Паредес қизил карточка олгани ҳақида хабар берган, бироқ кейинчалик ушбу маълумотни ўзгартирган.

FIFA, шунингдек, Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Роберто Аялага 30 минг доллар жарима солди ва уни 3 та ўйинга дисквалификация қилди. Худди шундай жазо Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Гавига ҳам қўлланди.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати финалида Испания терма жамоаси Аргентина устидан қўшимча вақтда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир чемпионига айланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг