FIDE Жаҳон кубоги: ўзбекистонлик шахматчилар турнир фаворитларини мағлуб этди
Спорт
−
18 Июль 2021
3820Кеча, 17 июль куни Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган шахмат бўйича FIDE Жаҳон кубогининг 1/64 финал босқичидан ўрин олган ҳал қилувчи тай-брек партиялари ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг ёш гроссмейстерлари Жаҳонгир Воҳидов ва Жавоҳир Синдoров турнир фаворитларини мағлуб этишнинг уддасидан чиқди.
Жаҳонгир Воҳидов (2534) тай-брекнинг иккинчи даврасида Лениер Домингесни (2758) 3:1 ҳисоби билан мағлуб этди. Жавохир Синдoров (2558) тай-брекнинг учинчи раундда Алиреза Фирузжа (2759) устидан 3,5:2,5 ҳисобида зафар қучди.
Аввалроқ, Нодирбек Абдусатторов (2633) иккинчи босқичда ҳиндистонлик Аравинд Читамбарамни (2641) 1,5:0,5 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳақида хабар берилган эди.
FIDE Жаҳон кубогининг учинчи босқичида ўзбекистонлик шахматчиларнинг навбатдаги рақиблари ҳам маълум:
Жавохир Синдoров перулик Хорхе Кори билан, Жаҳонгир Воҳидов россиялик Павел Понкратов билан, Нодирбек Абдусатторов голландиялик гроссмейстер Аниш Гири билан баҳс олиб боради
Умумий мукофот жамғармаси 1 892 500 долларни ташкил қилувчи турнир ғолиби 110 000 долларга эга бўлади. Мусобақа 8 августга қадар давом этади.