Фидан Туркия Европа ва Марказий Осиёни боғловчи транспорт марказига айланиши кераклигини айтди
Олам
−
14:51 379 2 дақиқа
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан мамлакат Европа, Қора денгиз минтақаси, Кавказ ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт ҳамда савдо алоқаларини ривожлантиришда муҳим стратегик ўрин тутишини билдирди. Унинг таъкидлашича, Анқара бу борада масъулиятни ўз зиммасига олиб, аниқ ечимларни таклиф қилиши ва уларни амалга ошириш ташаббускори бўлиши керак. Бу ҳақда у кеча, 16 ноябрь куни Брюсселда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгаши доирасида ўтказилган минтақалараро хавфсизлик ва ўзаро боғлиқлик масалалари бўйича иккинчи вазирлар учрашувидан сўнг сўз очди.
Унинг айтишича, учрашувда Европа Иттифоқи, Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари вакиллари транспорт, энергетика таъминоти, савдо ҳамда маълумот узатиш тизимларини янада самарали ва узлуксиз йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилган. Шунингдек, Ҳормуз ва Боб ал-Мандоб бўғозлари ҳамда Қора денгиздаги уруш ва инқирозлар сабаб юзага келган транспорт ва савдо узилишларидан қандай хулосалар чиқариш мумкинлиги кўриб чиқилган.
Фидан Туркия Европа, Қора денгиз минтақаси, Кавказ ва Ўрта коридор орқали Марказий Осиё билан боғланишда муҳим бўғин эканини таъкидлаган. Вазир учрашув доирасида Украина, Германия, Литва, Дания, Болгария, Руминия ва Молдова вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказган.
Шунингдек, Туркия Қора денгиз орқали дон маҳсулотларини жаҳон бозорларига етказиб беришни қайта йўлга қўйиш бўйича Украина ва Россия билан дипломатик алоқалар олиб бораётганини билдирган.
Вазир Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатиш бўйича музокараларга ҳам тўхталган. Унинг фикрича, томонлар ўртасидаги асосий келишмовчиликлар, хусусан, Донбасс ҳудудининг мақоми ҳануз ҳал этилмаган. Россия минтақанинг қолган қисмини ҳам ўз ҳудуди деб ҳисобласа, Украина бу ерларни ўз юртининг бир қисми сифатида кўради ва улардан воз кечиш ниятида эмас.
Фидан тинчлик келишувига эришиш учун Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий ажралиш чизиғи, хавфсизлик кафолатлари ҳамда Европа ва Россия ўртасидаги келгуси хавфсизлик архитектураси бўйича ҳам келишув зарурлигини айтган.
Унинг билдиришича, Туркия ушбу масалалар бўйича томонларга турли ечимларни таклиф қилмоқда. Бироқ барча тарафларни қониқтирадиган келишувга эришиш осон эмас.
Live
Барчаси