Фермерларни ҳақорат қилган Садбархон Мамитовага огоҳлантириш берилди
Жамият
−
26 Октябрь 2020
18591Хабарингиз бор, бугун, 26 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимаси Садбархон Мамитованинг фермерларни ҳақорат қилаётгани ёзилган аудио тарқалган эди. Мазкур аудиоёзувга Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати изоҳ берди. Таъкидланишича, “ифлос”, “мараз” сўзларини бамайлихотир қўллаётган ҳокимага “огоҳлантириш” берилган.
“Ижтимоий тармоқларда Бўстон тумани ҳокимининг тарқалган аудиоёзуви юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.
Ижтимоий тармоқлардаги Бўстон тумани ҳокими дея айтилаётган аудиоёзув юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилди. Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам аудио ёзув Бўстон тумани ҳокими С.Мамитовага тегишли эканлиги, тумандаги соя етиштирувчи фермерларнинг соя етиштириш ва уни йиғиб олишдаги масъулиятсизлиги оқибатида туманда соя ҳосилини йиғиштириб олиш ишлари бир мунча ортга сурилганлиги маълум бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокими фермердан нега соя ҳосилини ўз вақтида йиғиб олмасдан, сояни корчёвка қилиб, юлиб ташлашганлигига изоҳ сўраган.
Туманда соя ўсимлигини етиштириш ва уни йиғиб-териб олишда сусткашлик қилаётган ҳамда ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараётган фермерларнинг фаолияти туман ҳокимининг эътирозларига сабаб бўлганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, тарқалган аудиоёзув учун Бўстон тумани ҳокими С.Мамитовага вилоят ҳокимлиги томонидан “огоҳлантириш” берилганлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси