“Фенербаҳче” президенти гиёҳванд моддалар иши бўйича судга чақирилди
Спорт
−
20 Декабрь 658 1 дақиқа
Туркиянинг “Фенербаҳче” футбол клуби президенти Садеттин Саран оммавий ахборот воситалари ва шоу-бизнес вакиллари иштирокидаги юқори даражадаги гиёҳванд моддалар бўйича тергов доирасида кўрсатма бериш учун судга чақирилди. Бу ҳақда “Turkiye today” нашри хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Саран ушбу ишда гумон қилинаётган шахслар қаторида тилга олинмоқда. У жорий йилнинг 17 декабрь куни кечқурун чет элдан Туркияга қайтгач, дарҳол Истанбулдаги Чағлаян суд биносига бориб, терговчиларга кўрсатма берган.
Бунгача айнан шу тергов доирасида суд “Haberturk” телеканали бош муҳаррири ва машҳур телебошловчи Мехмет Акифа Эрсояни ҳибсга олган. Текширув натижаларига кўра, унинг организмида гиёҳванд моддалар излари аниқланган, бироқ Эрсоя ҳар қандай қонунбузарликни қатъиян рад этган.
Маълум қилинишича, октябрь ойидан бери Туркияда кенг кўламли гиёҳванд моддалар савдосига қарши операциялар олиб борилмоқда. Ушбу рейдлар давомида бир нечта актёрлар ва ижтимоий тармоқлардаги машҳур шахслар ҳибсга олинган. Айрим гумонланувчиларнинг қонида ва сочларида гиёҳванд моддалар излари топилган.
Шу билан бирга, мутахассислар айрим ҳолатларда аниқланган моддалар қонуний равишда сотиладиган дори воситалари таркибига киришини ҳам қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда ўйинларга пул тикиш можароси сабабли икки клуб президенти ҳибсга олинган эди.