Федерал захира тизими уч йил ичида илк бор асосий ставкани оширди

Олам

image

АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) 2023 йилдан бери илк бор базавий ставкани 0,25 фоиз бандга ошириб, 3,75–4 фоиз даражасига етказди. Қарор сақланиб қолаётган юқори инфляция фонида бир овоздан қабул қилинган. ФЗТ раҳбарларининг аксарияти 2026 йил охиригача ставка яна камида бир марта оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп бир неча бор ставкани пасайтиришни талаб қилган.Жорий йилнинг  4 сентябрь куни у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ “дунёдаги энг паст фоиз ставкаларини” тўлаши кераклигини ёзган ва кучли иқтисодий ўсиш даврида регулятор нархлар ошиши хавфи сабабли пул-кредит сиёсатини қатъийлаштираётган ёндашувини танқид қилган. ФЗТ йиғилишидан бир неча кун олдин Трамп яна бир бор АҚШда дунёдаги энг паст ставка бўлиши кераклигини таъкидлаган.

ФЗТ қароридан сўнг дарҳол Трамп ставкани 1 фоиз ёки ундан ҳам пастроқ даражага туширишни талаб қилган. Truth Social тармоғида у шундай ёзган:

“Америка Қўшма Штатлари учун фоиз ставкаларини пасайтиринг ва буни тезлик билан амалга оширинг!”

Кейинроқ Президент журналистларга ўзи томонидан тайинланган ФЗТ раҳбари Кевин Уоршга ҳануз ишонишини билдирган, аммо регуляторнинг Бошқарувчилар кенгашини “жуда сиёсийлашган” деб атаган ва уни нотўғри қарорлар қабул қилишда айблаган. 

ФЗТнинг ўзи бу оширишни инфляциянинг юқорилигича қолаётгани ва сиёсатни қатъийлаштириш уни нишондаги 2 фоиз даражасига тезроқ қайтаришга ёрдам бериши кераклиги билан изоҳлаган. Уоршнинг айтишича, иқтисодиёт ва меҳнат бозори мустаҳкамланган, ички талаб барқарор, инвестициялар эса юқори даражада қолмоқда. Унинг сўзларига кўра, ёзги инфляция кўрсаткичлари унинг асосий динамикаси яхшиланганини айтишга имкон бермайди.

“Reuters”нинг қайд этишича, АҚШдаги нархлар босимини Трамп маъмуриятининг импорт божлари, АҚШ ва Исроил ўртасида Эронга қарши бошланган урушдан сўнг энергетика ресурслари нархининг ошиши ҳамда сунъий интеллект соҳасидаги инвестиция буми янада кучайтирмоқда. Шу билан бирга, ФЗТнинг янги баёнотида юқори инфляция “таклиф шоклари” билан боғлиқлиги ҳақидаги илгариги кўрсатма йўқолган: регулятор нархлар ўсиши кенгроқ хусусият касб этганидан хавотирда.

ФЗТнинг янги прогнози шуни кўрсатадики, йиғилишнинг 18 иштирокчисидан 16 таси йил охиригача ставканинг яна камида 0,25 фоиз бандга оширилишини кутмоқда. Регулятор, шунингдек, 2026 йил учун инфляция прогнозини 3,6 фоидан 3,7 фоигача оширган. Инфляциянинг нишондаги 2 фоиз даражасига қайтиши энди илгари прогноз қилинганидек бир йил эрта эмас, балки фақат 2029 йилда кутилмоқда.

ФЗТ қароридан сўнг бозорлар юқорироқ ставкалар истиқболига муносабат билдирган: доллар мустаҳкамланган, АҚШ давлат облигацияларининг даромадлилиги ошган, S&P 500 индекси эса савдоларни 0,45 фоизга пасайиш билан якунлаган. Ставканинг ошиши истеъмолчилар ва компаниялар учун қарз олишни қимматлаштиради, бу эса энг тез кредит карталари ва ўзгарувчан ставкали бошқа кредитларда акс этади. Шу билан бирга, юқори ставкалар одатда жамғарма маҳсулотлари ва қисқа муддатли облигациялар даромадлилигини оширади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг