Ўзбекистон йўқотган бебаҳо бойлик. Турон йўлбарси йўқ қилинганига 60 йилдан ошди
Таҳлил
−
29 Июль
59712Бугун, 29 июль – Халқаро йўлбарслар куни. Тахминан бир аср олдин 100 000 ёввойи йўлбарс Осиё бўйлаб бемалол яшаб юрар эди. Бугунги кунгача уларнинг 96 фоизи қирилиб кетди ва ёввойи табиатда атиги 4500 га яқин йўлбарс қолди. Баъзи ҳисоб-китобларда эса уларнинг сони бундан ҳам камроқлиги айтилади.
Кўпчилик ўзбекистонликлар йўлбарсни Осиёнинг олис мамлакатларида яшайдиган йиртқич ҳайвон сифатида билади. Аслида, бундан атиги 100 йил олдин йўлбарслар, бўлиб ҳам ноёб тур сифатида ажралиб турадиган Турон йўлбарслари Ўзбекистон ҳудудида яшаган. Чор Россияси қуролли кучларининг йўлбарсларни йўқ қилишга қаратган ҳаракати, йиртқичлар яшайдиган ҳудудларнинг инсонлар томонидан эгаллаб олиниши, териси учун овланиши оқибатида Турон йўлбарслари Ўзбекистон ҳудудида бутунлай қирилиб кетди. 2003 йилга келиб Турон йўлбарси дунё бўйича йўқ бўлиб кетган тур сифатида тан олинди.
Турон йўлбарсларининг тарқалиши ва яшаш жойи
Турон йўлбарси Туркистон йўлбарси, Каспий йўлбарси номлари билан ҳам аталади. Марказий Осиёнинг 3 республикаси – Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, бундан ташқари, Афғонистон ва Кавказ сарҳадлари, Озарбайжоннинг субтропик ўрмонларида ҳам учраган. Ўзбекистоннинг Тошкент, Чирчиқ, Сирдарё, Фарғона ва Сурхондарё ҳудудлари Турон йўлбарси яшайдиган жойлар эди. 130 йил аввал Тошкентнинг ҳозирги Қўйлиқ, Чилонзор ва Бешёғоч ҳудудларига яқин тўқайзорларда Турон йўлбарсларини учратиш мумкин эди.
XX аср бошида музей коллекцияларидан олинган 20 та йўлбарс суяги ва тўқималари намуналари билан генетик тадқиқотлар ўтказилди. Натижалар Каспий ва Сибир йўлбарслари жуда ўхшашлигини, Сибир йўлбарси Каспий йўлбарсининг генетик жиҳатдан энг яқин тирик қариндоши эканлигини кўрсатди. Шундан хулоса келиб чиқдики, Каспий ва Сибир йўлбарсларининг умумий аждоди 10 000 йил олдин Шарқий Хитойдан Ўрта Осиёга келган. Кейинчалик маълум бир қисми Россиянинг Узоқ Шарқида Сибир йўлбарслари популяциясини яратиш учун кўчиб ўтган.
Турон йўлбарсининг йўқ қилиниши
Маълумотларга кўра, Марказий Осиё маҳаллий аҳолиси йўлбарслар инсон ҳаётига хавф туғдирмайди деб ишонган. Чунки табиатан жуда эҳтиёткор бўлган Турон йўлбарси одамлар билан учрашишдан ўзини олиб қочарди ва яширинишни хуш кўрарди. Овчиларнинг эслашича, йўлбарслар билан ёнма-ён ҳудудда кўп йиллар яшаб ҳам уларни ҳеч қачон пайқамаслик мумкин эди.
XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Марказий Осиёни истило қилган Чор Россияси қўшинлари Турон йўлбарси ҳаётининг сўнгги чизиғини чизиб берди. Рус империяси йиртқичларни йўқ қилиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширган. 1883 йилнинг 27 февралида Туркистон ҳарбий округи бошлиғи Тошкент ва Чиноз ўртасида яшайдиган йўлбарсларни йўқ қилишга буйруқ беради. Ўшанда ов учун 12 Туркистон батальони жалб этилади. Таниқли тадқиқотчи Борис Голендарнинг ёзишича, XIX асрнинг 30 йилларида Бўрижарнинг Бешёғочдан оқиб ўтган қисмида яшайдиган бир жуфт йўлбарсни ўлдириш учун ўша вақтдаги бекларбеги 2000 та одамни жалб этиб, катта ов уюштиради.
Советлар ҳукмронлиги остидаги Ўрта Осиёда йўлбарслар охирги марта 1940 йиллар охири ва 1950 йиллар бошларида қайд этилган. Грузияда охирги йўлбарс 1922 йилда Тбилиси яқинида ўлдирилган. Унинг сомон тўлдирилган териси Грузия тарихи музейида сақланади. Йўлбарслар Озарбайжон ҳудудида, Талиш тоғларида ва Ленкоран вилоятида 1960 йилларга қадар учраган. 1950-1966 йилларда бу ерда 10 га яқин жонивор ўлдирилган. Турли манбаларда келтирилишича, охирги Турон йўлбарси 1970 йилда Туркиянинг жануби-шарқида отиб ташланган.
Турон йўлбарсларининг ўзига хослиги
Турон йўлбарслари териси ёрқинлиги ва энг қалин мўйнага эгалиги билан ўзига хос эди. Эркак йўлбарслар танаси узунлиги 2,7–2,9 м ва вазни 170–240 кг, урғочиларининг узунлиги 2,4–2,6 м ва вазни 85–135 кг эди. У Сибир йўлбарси билан бирга энг катта мушуксимонлар турига киритилган. Турон йўлбарсининг ўзига хослиги характерида ҳам акс этган. У бошқа турларга нисбатан айёрлиги билан ажралиб турган.
Ўрта Осиё аҳолиси орасида йўлбарс билан боғлиқ кўплаб афсоналар ва урф-одатлар тарқалган. Турон йўлбарсининг ўзига хос маҳорат билан яшириниш, бирдан пайдо бўлиб қолиш ва дарров йўқолиш қобилияти сабабли унга илоҳий мавжудот, деб қаралган. Баъзи манбаларда келтирилишича, йўлбарслар айрим қабрларни зиёрат қилган ва худди одам зиёратчилар каби қабрни уч марта айланиб, иморат остонасига тумшуғини қўйган, деган қарашлар бор. Халқ орасида йўлбарс – куч-қудрат ва ишонч рамзини ифодалаган.
Йўлбарс сиймосини гиламларда ва матоларда, шу билан бирга масжидларнинг олд юзаси томонларида учратиш мумкин. Масалан, Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонидаги Шердор мадрасасида.
Турон йўлбарси Ўзбекистонга қайтарилиши мумкинми?
Экожурналист Наргис Қосимованинг ёзишича, дунё эколог ва табиатшунослари бу турнинг буткул йўқолиб кетиши у яшайдиган ҳудудлар экотизимига катта салбий таъсир ўтказаётганини аниқлаган. Айрим жониворлар кескин кўпайиб, бошқаларининг эса аксинча – сезиларли даражада камайиб кетиши экомуҳит мувозанатини бузмай қолмайди, албатта. Худди шу омил Турон йўлбарсининг табиий популяциясини қайта тиклаш учун туртки бўлди.
Бутунжаҳон Ёввойи табиат жамғармаси ташаббуси билан Турон йўлбарси популяциясини тиклаш, бу ноёб турни асраб-авайлаб кўпайтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. 2014 йилда мазкур турни тиклаш ишлари бошланди. Бунинг учун Қозоғистон ҳудуди танланиб, 15 йилга мўлжалланган лойиҳа ишлаб чиқилди. Мутахассислар “йўлбарс макони” шу ҳудудда яшовчи аҳолига халал бермаслиги, аксинча, одамларнинг яхшироқ яшашларига кўмаклашишини таъкидлашмоқда. Қўшни Қозоғистонга йўлбарсларнинг қайтарилиши Ўзбекистонда ҳам ушбу бебаҳо бойликни тиклаш имконият яратиши мумкин.
Ўзбекистонда Турон йўлбарси каби сиртлон, силовсин, қўнғир айиқ, қор барси (Ирбис), Бухоро кийиги ва бошқа бир қанча ноёб ҳайвонлар йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. Маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида 10 тадан ҳам кам сиртлон, 350 га яқин қўнғир айиқ, 200 бош атрофида жайрон қолган. Афсуски, маҳаллий аҳоли орасида ҳайвонларни асраб-авайлашга бўлган хайрихоҳлик йўқ. Масалан, Сурхондарё вилоятида бир эркак томонидан ўлдирилган сиртлоннинг 1 млрд сўмга баҳоланиши кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Ваҳоланки, Ўзбекистон ёввойи табиатида яшайдиган ҳар бир ҳайвон 37 миллионлик аҳолига ва келажак авлодга бирдек тегишли умуммиллий бойлик.
Тасаввур қилиб кўринг, агар Ўзбекистон Турон йўлбарсини сақлаб қолганида, бугун ушбу йиртқич хорижликларни ўзига тортадиган олтин "визитка"га айланган бўларди. Балки, Турон йўлбарси ҳозирга келиб Ўзбекистоннинг миллий рамзий ҳайвони сифатида эътироф этиларди (Масалан, Қирғизистон ва Қозоғистонда ирбис, Туркияда кўк бўри, АҚШда оқбошли бургут, Россияда айиқ).
Ёввойи ҳайвонларнинг бутун халқ ҳимояси остига олинишигина уларни қирилиб кетиш хавфидан сақлаб қолади.