Хорижий инвестициялар умуман жалб этилмаган ташкилотлар рўйхати маълум қилинди
Жамият
−
31 Май 2019
4905Жорий йилнинг 30 май куни Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмиталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг жорий йил биринчи чорагида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
2019 йилда 6,8 млрд. доллар, яъни 2018 йилга нисбатан 1,2 баробар кўп миқдорда хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштириш, бунда уларнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳажмини 206 АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган. Жорий йил учун 345 та тармоқ инвестиция лойиҳаси бўйича ўзлаштириш режаси 7,8 млрд. АҚШ долларини, 2019 йилнинг январь-март ойларида ўзлаштириш 2 193,3 млн. АҚШ долларни ёки ҳисобот даври учун ўрнатилган режага (1 171,4 млн. АҚШ долл.) нисбатан 187,2 фоизни ҳамда йиллик режа кўрсаткичларига нисбатан 28,0 фоизни ташкил этди.
2019 йилда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан жами 137,7 триллион сўм ҳажмдаги капитал қўйилмаларни ўзлаштириш кўзда тутилгани, шундан жорий йилга мўжалланган Инвестиция дастури доирасида 112,2 трлн. сўм манзилли, шу жумладан марказлаштирилган инвестициялар – 41,6 трлн. сўм, марказлаштирилмаган инвестициялар – 70,6 трлн. сўмни ташкил этгани борасида атрофлича маълумот берилди. Ўз навбатида, 2019 йил 1 апрель ҳолатига кўра, инвестицияларни ўзлаштиришнинг умумий қиймати 34,3 трлн. сўмни ташкил этди, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробарга етди.
Бунинг баробарида, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш бўйича тезкор чоралар кўрилаётганига эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йил биринчи чораги мобайнида 96 та лойиҳа бўйича инвестицияларни ўзлаштириш ортда қолган. Улар юзасидан тегишли чоралар кўриш борасида таклифлар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилмоқда.
Таъкидланганидек, вазирлик томонидан 2018 йилда ва 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакат инвестиция сиёсатини амалга ошириш дастурлари ижросини таъминлаш, жорий йилда экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича юклатилган вазифалар борасида муайян ишлар қилинган.
Хусусан, сўнгги йилда ички молиявий ресурслар чекланганлиги шароитида иқтисодиётни диверсификация қилиш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш асосида Ўзбекистон Республикасининг барқарор ва мувозанатли иқтисодий ўсишини таъминлашда инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг ўсиш суръати 18 фоиздан ошган.
Шунга қарамай, ўрганиш жараёнида “Ўзбекипаксаноати” уюшмаси, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Транспорт вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан бугунги кунда хорижий инвестициялар умуман жалб этилмаганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзагротехсаноатхолдинг”, “Ўзавтосаноат” ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖлари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ҳажми пастлигича қолганлиги қайд этилди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь