Фарғоналик журналист Қодиров қамалган
Жамият
−
29 Май 2020
14954Ижтимоий тармоқларда фарғоналик журналист, блогер Усмонжон Қодиров вилоят ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашувдан кейин 15 суткага қамалгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Унинг ортидан Қодировнинг ўзи очиқда экани, янги лойиҳа устида ишлаётгани учун интернетга кира олмаганини айтиб мурожаат йўллади. Аммо ҳаммаси шу билан тугамади ва аксинча чалкашиб кетди.
Ҳаммаси жорий йилнинг 27 май куни Фарғона вилояти ҳокимлигининг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида “Гап ёшда эмас, ниятда...” сарлавҳали хабар эълон қилиниши билан бошланганди. Унда “Озодлик” радиоси (президентнинг вилоятга ташрифи арафасида) Марғилондаги “Ҳунармандлар маркази”да зарарсизлантириш ишларини олиб бораётган оқ кийимдаги вилоят СЭОМ мутахассисларини “Марғилон шаҳар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари” дея ёлғон ахборот бергани, Усмонжон Қодировга (Фарғона вилоят телерадикомпанияси мухбири) эса билиб-билмай ижтимоий тармоққа “Менимча Марғилондаги шифокорлар бўйича гаплар ҳам ростга ўхшайди”, деб ёзгани учун, ҳокимликка юзма-юз суҳбатга чақирилгани айтилади. Раддияга ёш журналистнинг узри акс этган лавҳа ҳам илова қилинган бўлиб, Усмонжон Қодиров хатоси ёшлигига йўйилган.
Шундан кейин журналист кўринмай қолгач, Усмонжон 15 суткага қамалгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шов-шув кўтарилгач, иси-писига қўймай, юқорида айтганимиз Қодировнинг аудиомурожаати тарқатилди.
Лекин бу Усмонжон Қодиров қамаб қўйилгани ҳақидаги хабарларга кор қилмади. Бу орада Усмонжон онасига 15 кунга Сардобага кетганини айтгани ҳам маълум бўлди. Бу эса шубҳани орттириши табиий.
Ушбу масалага аниқлик киритиш учун QALAMPIR.UZ Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланди. У ёш журналист ҳақиқатан ҳам 15 суткага қамалганини маълум қилди.
“Журналист Усмонжон Қодиров қамалган. Суд қарори чиққан. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183, 194-моддалари билан айбланган. Лекин у суд қарори устидан апелляция аризасини берган. Ҳозир у озод қилиниши кутиляпти”, деди Шоҳруҳ Ғиёсов.
Олий суднинг маълум қилишича, Кассация суди Қодиров ишини кўриб чиқиб, жазони енгиллаштирган. 15 сутка 2 суткага алмаштирилиб, журналист йигитни маъмурий қамоқ харажатларидан озод қилинган.
Суд қарорида айтилишича, Усмонжон Қодиров 27 май куни соат 15:30 лар атрофида Фарғона шаҳар, А.Навоий кўчасида жойлашган Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси олдида юзига ниқоб тақмасдан кетаётган бўлган. Уни шу ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган Фарғона шаҳар ИИБ профилактика инспектори М.Ҳамралиев тўхтатиб, шахсини аниқлаш учун ИИБ таянч пунктига бориши лозимлигини айтган.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Усмонжон Қодиров ИИБ ходимининг қонуний талабларини бажармасдан, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини давом эттирган ва М.Ҳамралиевни уятли сўзлар билан сўкиб, бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузган.
Кассация инстанциясига дастлабки суд қарори устидан шикоят қилган Усмонжон Қодиров, пушаймон эканини айтиб, жазони енгиллаштиришни сўраган.
Жабрланувчи М.Ҳамралиев кассация шикоятида, жабрланувчи ундан кечирим сўраганлиги сабабли, тайинланган жазони енгиллаштиришни сўраган.
Кассация инстанцияси суди, кассация шикоятларини иш материалларига қўшиб, текшириб чиқиб, иш материалларини таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорини ўзгартириб, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топган.
Кассация инстанцияси суди юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 30, 33, 319-321, 3247-моддаларини қўллаб, қарор қилган.
Фарғона шаҳар Маъмурий судининг 2020 йил 27 майдаги Қодиров Усмонжон Хакимжон ўғлига нисбатан қарори қуйидагича ўзгартирилсин. Қодиров Усмонжон Хакимжон ўғлига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари миқдорида, 1 115 000 (бир миллион бир юз ўн беш минг) сўм жарима жазо тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, 2 (икки) сутка муддатга маъмурий қамоқ жазо тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 (икки) баравари, яъни 446 000 (тўрт юз қирқ олти минг) сўм жарима жазо тайинланган.
У.Қодировга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 34-моддаси тартибида узил-кесил 2 (икки) сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Қодиров Усмонжон Хакимжон ўғли маъмурий қамоқ ҳаражатларидан озод қилинган. Кассация шикояти қаноатлантирилган.
LiveБарчаси