Фарғонада ёш йигитларни ниқобли чегарачилар нега калтаклади?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда қуролланган ва юзига ниқоб таққан чегарачиларнинг ёш йигитни ҳақоратлаб, дўппослаётгани тасвирланган видео тарқалди. Ўзбекистон Репсубликаси Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинлари мазкур ҳолатни изоҳлади. 

Унда қайд этилишича, жорий йилнинг 10 ноябрь куни соат тахминан 17:00 атрофида Фарғона вилояти Фарғона туманининг Ҳосилот чегараолди аҳоли пунктида, видеолавҳада кўрсатилган кўприк ёнида чегара наряди хизмат олиб борган. Унинг вазифалари орасида чегараолди ҳудудида, юқоридаги ҳолатда эса, кўрсатилган ҳудудда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини текшириш бўлган.

Шу вақтда фуқаролар У.С. ва А.Ф. ушбу ҳудудда Nexia-2 русумли автомобилда ҳаракатланган. Улар наряднинг тўхташ ҳақидаги буйруғи талабларига эътибор бермай, чегараолди нарядига қараб ҳаракатланиш манёвридан фойдаланган ҳолда, юқори тезликда яширинганлар.
 
Орадан бир мунча вақт ўтгач, ушбу фуқаролар ортга қайтиб, чегарачилар ёнида тўхташган ва можаро келтириб чиқаришга уринишган, чегара нарядини ҳақорат қилишган ҳамда тўпланган маҳаллий аҳолини ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига эътибор бермасликка чақиришган. Шу тариқа, улар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 196-1-моддаси (Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаслик ва уларнинг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.

Шундан сўнг, фуқаролар У.С. ва А.Ф. “Давлат чегараси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддаси ва “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддаси талабларига мувофиқ жисмоний куч ишлатган ҳолда қўлга олинган.
 
Маълум бўлишича, ушбу фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек автоуловни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар йўқ бўлган.

Натижада, улар белгиланган тартибда расмийлаштириш учун ички ишлар органларига топширилди.

Қайд этилишича, фуқаро У.С. бундан олдин бир неча бор давлат чегараси режимини бузганлиги ва у орқали турли хил товар-моддий буюмларини ноқонуний равишда олиб ўтгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий прокуратура ходимлари билан биргаликда ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви олиб бормоқда. 

Билдирилишича, чегара наряди ва фуқароларнинг ҳаракатлари бўйича қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ

Баҳолаганлар

283

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг