Фарғонада ёш блогер қамалгани айтилмоқда. У бир кун аввал вилоят ҳокимлиги расмийлари билан учрашган
Жамият
−
28 Май 2020
14240Фарғона вилоятида яшовчи Усмонжон Қодировнинг “Фарғона вилоятида Президент ташрифига тайёргарлик юқори даражада” сарлавҳали хабари тарқатилган. Унда, “завод ходимлари йўл четларини тозалаётгани, лекин улар қайси завод ишчиси эканлигига ойдинлик кирита олмагани” айтилади ва “қачонгача бундай ишлар давом этади... Катта раҳбар келса шунга тайёрланиш керак-ми?” деган савол қўяди.
Қайд этилишича, шундан сўнг вилоят ҳокимлиги Усмонжон Қодиров билан юзма-юз гаплашиб олди. Бугун, 28 май куни эса Facebook тармоғида Қодировни 15 суткага қамалгани ҳақида хабар пайдо бўлди.
Бироқ вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бергани йўқ. Ҳокимлик хабарида фақатгина шундай дейилган:
“Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилоят телерадиокомпанияси мухбири Усмонжон Қодиров билан юзма-юз суҳбатлашди. Унда Усмонжон Қодиров “шошма-шошарлик билан масалани ўрганмай, далилларни текширмай туриб ёлғон ахборот” тарқатганини тушуниб етганини билдирди, бунинг сабабини “ёшлик қилганимда” дея изоҳлади (М.Усмонов видео мурожаатини кўринг) ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва халқимиздан узр сўради“, дейилади хабарда.
Шу ўринда бир савол туғилади: Шу вақтгача катта-катта ишлар бўлганда, ҳатто Конституция моддалари оёқ ости қилинганда қонун бузувчилар халқдан биргина узр сўраб жавобгарликдан қутулганда нега ёш блогер узр сўрагани уни бундай жавобгарликдан қутқаролмаган?
Бу ҳолат юзасидан Фарғона ҳокимлиги Ахборот хизматидан изоҳ кутиб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, 2 йил аввал Самарқандда 42-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Диана Еникеева йўл тозалаш ишларига жалб қилинган вақтда “КамАЗ” уриб юбориши натижасида оламдан ўтган эди.
LiveБарчаси