Фарғонада вояга етмаган қизнинг ўлимига сабаб бўлган Lacetti ҳайдовчиси қамалди
3-саҳифа
−
13:49
2368Фарғона вилоятида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Lacetti ҳайдовчиси қамалди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар берилди.
Қайд этилишича, ҳолат 4 июнь куни Данғара тумани Қўқон-Тошкент йўналишининг 9-километрида содир бўлган.
Lacetti ҳайдовчиси С. таниши Ҳ. билан биргаликда машинада ҳаракатланаётган бўлган. Ярим йўлда машина бошқарувини Ҳ. олган ва автомобилни соатига 130 километр тезликда ҳайдаб кетган. Бунинг оқибатида машина фуқаро А. бошқарувида бўлган Damas автомобилининг орқа томонига зарб билан урилган. Оқибатда иккала машина ҳайдовчилари ва йўловчилари, жами 4 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.
Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай Damas салонида бўлган вояга етмаган қиз шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган суд ишида айбланувчи Ҳ. айбига қисман иқрор бўлиб, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплай олмаслиги тўғрисида кўрсатма берган. Суд жабрланувчиларга жами бўлиб 113 миллион сўм миқдорда зарарни ундиришни белгилади.
Судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этган деб топилиб, 3 йил автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди ва 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида Cobalt йўлнинг белгиланган жойидан кесиб ўтаётган 13 ва 4 ёшли опа-сингилларни уриб кетганди. Оқибатда опа-сингиллар турли тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан гумонланувчи О.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди ва 117-модда (Хавф остида қолдириш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. У ҳозирда ушланган ва вақтинча сақлаш ҳибсхонага жойлаштирилган.
LiveБарчаси