Фарғонада опа-ука наркосавдогарлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
10:17 2167 2 дақиқа
Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 1 килограммдан ортиқ гашиш ҳамда 700 граммдан зиёд Альфа-ПВП синтетик гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, тезкор тадбирлар давомида Фарғона вилоятининг Бувайда туманида муқаддам Жиноят кодексининг 276-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми билан судланган аёл туғишган укасига 1 килограмм 50 грамм гашишни таниши орқали юбораётган вақтида ушланган.
Тезкор суриштирувлар давомида аёлнинг укаси ҳам мазкур жиноятга шерик экани аниқланган. У ҳам аввал Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик), 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) ва 276-модда (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар)лари билан судлангани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Қатортол кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда 1988 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 251-1-моддаси билан судланган аёл ушланиб, унинг ёнидан 5 грамм Альфа-ПВП топилган.
Тадбир давом эттирилиб, айни манзилда Жиноят кодексининг 276-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) бўйича суд жараёни давом этаётган йигит шериги билан қўлга олинган. Улар бошқарувидаги автомашинадан ҳам Альфа-ПВП аниқланган.
Бундан ташқари, гумондорларнинг ижарада яшаб келган хонадонлари кўздан кечирилганда 700 грамм Альфа-ПВП, зип-пакетлар ва электрон тарози топилган.
Билдирилишича, гумондорлар олти ой давомида интернетдаги наркодўкон учун курьерлик қилиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм ва Наманган вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида шоколад қадоқларига яширилган қарийб 1 килограмм гашиш моддаси ҳамда Янгиқўрғон туманида 423 туп каннабис ўсимлиги етиштирилаётгани аниқланган эди.
Live
Барчаси