Фарғонада мансабдорлар қўшиб ёзиш ортидан 12,9 млрд сўмлик ортиқча субсидия ундирди
3-саҳифа
−
15:55 1539 1 дақиқа
Фарғона вилоятида сохта маълумотлар билан бюджетдан қарийб 12,9 миллиард сўмлик субсидия ажратилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Фарғона вилояти “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ мансабдор шахслари 2024-2025 йиллар ҳамда 2026 йилнинг январь-май ойларида ҳақиқатда аҳолига 85,7 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилган бўлса-да, вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармасига тақдим этилган ҳужжатларга гўёки 212,3 минг Гкал иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритгани аниқланган.
Қайд этилишича, бир гуруҳ уюшган мансабдорлар бу ҳаракати орқали бюджетдан 12,9 млрд сўм ортиқча субсидия маблағлари ажратилишига эришиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилишига сабаб бўлган.
Департаментга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ҳудудгазтаъминот” ва “Texnopark” масъуллари келишиб, бюджетдан қарийб 20 млрд сўм ўмаргани хабар қилинганди.
Live
Барчаси