“Ишонмагин дўстингга...” – Фарғона ва Тошкентда коронавирус аниқлангани ростми?
Жамият
−
04 Март 2020
51888Ижтимоий тармоқларда Фарғона ва Тошкентда коронавирус аниқлангани ҳақидаги иккита аудиоёзув тарқалди. Фарғонада вирус тарқалгани ҳақидаги аудиодаги овоз “Рухсор” радиоси бошловчиси Ҳайрулло Йўлдошевга тегишли экани айтилди.
Аудиода Фарғона юқумли касалликлар шифохонасига коронавирусга чалинган бемор ётқизилгани ҳақида айтилади. Шунингдек, вирусни юқтириб олмаслик учун эҳтиёт бўлишга, ниқоблар билан ишлашга ҳамда автомобилларни ҳам ҳар куни тозалаб туришга чақирилган.
Бу эса аҳоли орасида ваҳима ва турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бунинг ортидан аудиодаги овоз эгаси Ҳайрулло Йўлдошев дўстлари орасидаги суҳбатдан вирус тарқалгани мазмунидаги аудио тайёрланиб, тарқатиб юборилганини айтиб, кечирим сўради. Бу ерда бошловчининг дўстларидан бири шов-шув қиламан деб, қадрдонини ноқулай аҳволда қолдрди.
“Куни кеча тўрт дўст коронавирус ҳақида ҳазил қилиб гаплашган эдик. Узоқ вақт шу масалада суҳбатлашиб қолганимизда орамиздаги дўстларимиздан бири булиб олиб, "Фарғонага коронавирус келди" мазмунидаги овозли хабар тарқатиб юборибди”, дейди “Рухсор” радиоканали ходими.
У Ўзбекистонда ва чегараларда коронавирус кириб келмаслиги учун жиддий чоралар кўрилаётганини айтиб ўтган. Шунингдек, унинг тарқатиб юборилган аудиоси бирор кимни қўрқувга солиб, тинчини бузган бўлса, чин кўнгилдан афсусда эканини ва аудиони тарқатиб юборган шахсни топиб, чоралар кўрилишини таъкидлаган.
“Мен бу суҳбатни 4 ўртоқ орасида қолиб кетадиган гап деб ўйлагандим. Аммо бундан фойдаланиб, иғво тарқатиш мақсадида юрган одамлар ҳам бор экан. Агар мени овозим билан боғлиқ хабар кимнингдир тинчини бузган бўлса чин кўнгилдан узр сўрайман”, деган Ҳайрулло Йўлдошев.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ушбу ҳолат бўйича раддия берди.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шу жумладан, Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ҳам ўткир респиратор инфекциялар, жумладан, коронавирус инфекциясининг янги турининг юртимизга кириб келишининг олдини олиш борасида қатъий назорат ўрнатилган”, дейилади вазирлик хабарида.
Тошкентда коронавирус аниқлангани ҳақидаги аудио бўйича QALAMPIR.UZ Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев билан боғланди. У бизга бу хабар ёлғон экани ва ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди.
Маълумот учун, 4 март ҳолатига кўра дунё бўйича СOVID-19 коронавирусига чалинганлар сони 94 343 нафарга етди. Вирусга чалинганларнинг 51 316 нафари даволанди. Беморларнинг 6 782 нафари ёки 17 фоизи оғир аҳволда қоляпти. Бугунги кунда 33 023 нафар беморнинг аҳволи қониқарли.
Коронавирусдан ҳалок бўлганлар эса 3222 нафарга етди. Жанубий Корея, Италия ва Эрон Хитойдан кейин вирус энг авж олган давлатлар бўлиб турибди.
LiveБарчаси