Фарғонада катта жанжал уюштирган Валломов қамалди
3-саҳифа
−
25 Июль 21505 2 дақиқа
Аввалроқ, Фарғона шаҳар Офтоб кўчасида жойлашган “Верона” номли компьютер ўйинлар клубида Отабек Валломов исмли шахс танишлари билан бир гуруҳ бўлиб, жанжал уюштиргани ҳақида хабар берилганди. Ушбу иш доирасида Валломов 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда қайд этилишича, жорий йилнинг 21 февраль куни соат 17:40 ларда айбланувчилар бир гуруҳ бўлиб, Фарғона шаҳридаги “Верона” номли компьютер ўйинлари клубига кирган. Ўйин жараёнида улар баланд овозда муомала қилган ҳолда жамоат тартибини бузган.
Клуб ходими уларни тинчлантиришга ҳаракат қилган, аммо юзага келган келишмовчилик оқибатида унга ва бошқа ходимга тан жароҳати етказилган. Шу билан бирга, ҳолат бўйича хабар бермоқчи бўлган ходим ҳам айбланувчилардан жабр кўрган.
Судда Отабек Валломов айбини қисман тан олиб, воқеа чоғида клуб ходими онаси ҳақида ҳақоратли сўзлар айтгани боис жаҳл устида унга қўл кўтарганини билдирган. Шунингдек, у илгари ҳам бу клубга дўстлари билан келиб тургани, ҳеч қандай адоват бўлмаганини, ҳодиса кутилмаган тарзда юз берганини таъкидлаган. У ўзининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини, 100 дан ортиқ ходимга эга эканини билдириб, қилган ишидан афсусдалигини айтган ва суддан енгиллик сўраган.
Жабрланувчи клуб ходими эса судда Валломов томонидан айтилган ҳақорат ҳақидаги даъволарни инкор этган. Унинг айтишича, ўша куни мижозларнинг бақир-чақиридан бошқа мижозлар норозилик билдирган, шунинг учун у ҳолатга аралашган. У судланувчиларнинг унга нисбатан сўкиниб гапирган, деган иддаоларини рад этган. Унинг кўрсатсига кўра, олган тан жароҳатлари туфайли у уч кун давомида шифохонада даволанган.
Жабрланувчилар етказилган зарар тўлиқ қоплангани, судланувчиларга нисбатан даъволари йўқлигини билдирган.
Суд Отабек Валломовга Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисмининг “г” банди, 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисмининг “б”, “е”, “к” бандлари ҳамда 59-моддасининг (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 3-қисмига асосан 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Унинг танишлари ҳам айнан шу моддалар билан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилинган.
Ушбу иш жорий йилнинг 14 июль куни Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилган, лекин ҳукм ўзгартиришсиз қолдирилган.
Live
Барчаси