Фарғонада Қирғизистонга ноқонуний олиб ўтувчи яна бир тоннель аниқланди

3-саҳифа

image

Кеча, 23 июнь куни Фарғона вилоятининг Риштон туманида Қирғизистон Республикасига ноқонуний олиб ўтувчи ер ости йўли аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида Риштон туманида яшовчи фуқаро Т.М. бошқарувидаги юк машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Натижада, автомашинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган, тахминий қиймати 15 млрд сўмлик 2707 дона мобил телефон (IPhone 13 Pro Max, Samsung Galaxy S 22 ultra, RedMe Note 11 pro ва ҳ.к.) борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, фуқаро Т.М.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой райони ҳудудига олиб ўтувчи, эни 1-1,5 метр, баландлиги 2 метр, узунлиги тахминан 130 метр бўлган ер ости йўли мавжудлиги аниқланган. 

Ушбу ер ости йўли Қирғизистон Республикасидан товар-моддий бойликлар олиб ўтишга мўлжалланган.

Хабарга кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб ўтувчи 3 та ер ости йўли аниқланган эди. Мазкур яширин ер ости йўллари қазиган шахсларга 6 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона тоннель ер ости йўли

Баҳолаганлар

472

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг