Фарғонада газбаллонларни ноқонуний сақлашга мўлжалланган “бункер”лар аниқланди
3-саҳифа
−
23 Октябрь
4045Фарғона вилоятида суюлтирилган газ баллонларини ноқонуний сақлаш учун мўлжалланган “бункер”лар аниқланди ва 414 та газ баллони талон-торож қилинишининг олди олинди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ комплекс назорат тузилмалари, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказилган. Хусусан, Фарғона вилояти Бувайда туманида жорий йилнинг 14 октябрь куни ўтказилган рейд тадбирларида туманнинг “Деҳқонобод” ва “Дўстлик” МФЙларида суюлтирилган газ баллонларини ноқонуний сақлаш учун мўлжалланган “бункер”лар аниқланган. Жумладан, “Деҳқонобод” МФЙда фуқаро А.Т.га тегишли нотурар жойда 69 та, фуқаро Э.Ф. хонадонида 35 та “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминотига тегишли маиший газ баллонлари топилган. Фуқаро А.К. маҳалладаги нотурар жойда “бункер” ташкил қилган ва у ерда 110 та маиший газ баллони аниқланган. Шунингдек, “Дўстлик” МФЙда жойлашган фуқаро А.Т.га тегишли нотурар жойда Т.Ҳ. томонидан “бункер” ташкил этилган ҳолда, 200 дона газ баллони сақланаётгани маълум бўлган.
Тадбирлар давомида жами 414 дона (314 таси суюлтирилган газ билан тўлдирилган) маиший газ баллонларидаги 6,2 минг кг суюлтирилган газ маҳсулоти талон-торож қилинишининг олди олинган. Ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда далолатномалар тузилган ва барча ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут туманида чилангар-таъминотчи сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 110,7 млн сўмлик газни бошқа шахсларга сотиб юборгани аниқланган эди.
LiveБарчаси